Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, туманда аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимининг 189-Қ-сонли қарорига асосан туман ҳокими “Ғўбдин” МФЙ ҳудудидаги “Қизилқўрғон” ва “Каттақишлоқ” МФЙ ҳудудидаги “Каттақишлоқ” қишлоқларини ободонлаштиришни “Обод қишлоқ” дастури асосида 2018 йилги режасига киритиш ҳақида алоҳида қарор қабул қилди. Шунингдек “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни намунали тарзда ташкил этиш учун туман ҳокимлиги ҳузурида сектор бошлиғи Шуҳрат Бурхонов бошчилигида махсус штаб ташкил этилди.
Қарорга кўра туман “Обод қишлоқ” дастурига киритилган “Қизилқўрғон” ва “Каттақишлоқ” қишлоқларида халқаро молиявий институтларнинг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш ва бошқа юмушлар режалаштирилган.
Дастурга асосан ушбу ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари асосан маҳаллий аҳоли ва ҳашарчилар иштирокида амалга оширилмоқда. Айни пайтда ҳудудда туманимизнинг “Зарбдор”, “Бешкуви”, “А. Махсумов” агрофирмалари, туман йўлларида фойдаланиш унитар корхонаси, ободонлаштириш корхоналари ва бошқа кўплаб ташкилот ва корхоналардан ўнлаб ишчи-ходимлар ҳашарга келишиб, аҳолига яқиндан кўмак беришмоқда. Маҳаллий аҳоли эса ҳашарчиларни тушлик пайти иссиқ овқат билан таъминлашмоқда.
Туман ҳокими Б. Баҳромов ва штаб бошлиғи Ш. Бурхоновлар кунда-кунора шу ерда бўлишиб, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар ҳисобидан уй-жой қуриб бериш (таъмирлаш), уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, ҳовли ва атроф-ҳудудларни ободонлаштириш ишларида бош-қош бўлишмоқда.
Айни пайтда Қизилқўрғон қишлоғида 170 та хонадон мавжуд бўлиб, 837 нафар фуқаро ва Каттақишлоқ қишлоғида эса 356 та хонадон мавжуд бўлиб, 2156 нафар фуқароларистиқомат қилишади. Ушбу хонадонларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишда қишлоқ аҳолисига кўмаклашиш учун ҳашарга келишган Бурхон Алимов, Абдурауф Абдурашидов, Сайдулла Шодиев, Тоҳир Мирзаев ва Мамат Ўриновларнинг ҳиссалари беқиёслигини таъкидлаш ўринли. Ҳозиргача туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан Қизилқўрғон қишлоғидаги режалаштирилган 6 километр 300 метр узунликдаги ички йўлларнинг 2 километр400 метр масофаси текисланиб, қумли тош-шағал ётқизишга тайёрлаб қўйилди. Шундан ҳозиргача 700 метр масофага қумли тош-шағал ётқизилди. Бу каби ишларда махсус ер текисловчи техника ҳайдовчиси Муҳаммад Қаршиев ва йўл устаси Элмурод Норбековларнинг хизматлари таъсинга лойиқ.
Маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майидан бошлаб “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилиши белгилаб қўйилганлиги боис туманимиздаги “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Қизилқўрғон ва Каттақишлоқ қишлоқлари аҳолисини ва пудратчи ташкилотларни металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик ва ромлар, лак-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш йўлга қўйилмоқда.
Айни кунларда туман ҳокимлигида ташкил қилинган штабдаги гуруҳ аъзолари томонидан дастур доирасида амалга оширилаётган барча юмушлар тўлиқ назоратга олинган. Ҳудудга бириктирилган ҳар бир корхона ва ташкилот ходимлари дастурга киритилган ушбу икки қишлоқни намунали, файзли ва ҳақиқий обод қишлоққа айлантириш учун режалаштирилган ишларни ўз муддатида бажаришга астойдил киришишган.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.