Ёки асосий юқумсиз касалликлар ҳақида биласизми?
Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазитрлиги, Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти, “Саломатлик – 3” лойиҳаси бўйича “Асосий юқумсиз касалликлар бўйича клиник протоколлар” асосида Республика, вилоят, туман босқичларида ўқув дастурлари олиб борилди. Республика, вилоят тренерлари З.И. Рўзиева, Н.Т. Назарова РЕN тўплами патронаж ҳамширалари учун, НИЗ модули барча бўлим (терапия, қабул бўлими, ШТЁБ терапия...) ҳамширалари аниқ мақсад ва вазифалари билан таништирилди.
Асосий юқумсиз касалликлар асосратининг олдини олиш, врач кўрсатмасига асосан муолажаларни бажариш, парваришлаш, касалланиш, ногиронлик ҳамда ўлимнинг олдини олиш мақсадида ҳамширалар ушбу йўналиш бўйича билим ва кўникмаларга асосан халқимизга соғлом турмуш тарзига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлашиб, асосий юқумсиз касалликлар ҳақида керакли маслаҳатлар, тавсиялар беришиб, тиббий тарғибот ишлари доимий равишда, кунлик режа асосида олиб боришмоқда.
Эътиборсизлик оқибатида яқин 5-10 йил давомида мамлакатимизда юқумсиз касалликларнинг ортиши у билан боғлиқ бўлган муаммолар ва харажатлар ҳам ортиб боришига сабабчи бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга бориб 20-40 ёшдаги аҳолимиз ўртасида юқумли касалликлар ошиши ўлимлар сони ҳам кўпайишига, шунингдек барвақт ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликка ҳам сабаб бўлади, деб хабар беради. Шунинг учун аҳолимиз асосий юқумсиз касалликлар ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлишлари керак.
Асосий юқумсиз касалликларга 6 та тизим киради:
1. Нафас олиш аъзолари тизими касалликлари (ўткир бронхит, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги (ЎСОҚ), ўткир зотилжам (пневмония), чўзилувчан зотилжам, астма (кўксов), астманинг зўрайиши).
2. Юрак қон-томир тизими касалликлари (ЮИҚ), миокард инфаркти, артериал гипертония).
3. Эндокрин тизими касалликлари (қандли диабет, гипертиреоз, гипотериоз).
4. Асаб тизими касалликлари (инсульт, бош мияда қон айланишининг ўткинчи бузилиши, периферик нейропатия).
5. Овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари (ошқозон яра касаллиги, гастрит, ўн икки бармоқ ичакнинг яллиғланиши, ярали колит, сурункали гепатит, жигар церрози, сурункали холецистит, сурункали панкреатит).
6. Сийдик чиқариш тизими касалликлари (ўткир ва сурункали пиелонефрит, гломерулонефрит, цистит, сийдик тош касаллиги).
Асосий юқумсиз касалликларнинг хавфли омилларига қуйидагилар киради:
- ёши 40дан ошганлар;
- чекувчилар;
- аёлларда бел айланаси 90 сантиметр, эркакларда 100 сантиметрдан кўп бўлса;
- яқин қариндошлари анамнезида эрта аниқланган юрак қон-томир касаллиги
бўлганлар;
- яқин қариндошлари анамнезида қандли диабет ва буйрак касалликлари
бўлганлар;
- ортиқча вазн;
- кам ҳаракатлилик;
- спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилувчилар.
Асосий юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун “Соғлом юрак” парҳезига риоя қилиш керак, яъни кунига 5 грамм туз (1 чой қошиқ) миқдорида истеъмол қилиш керак. Таркибида ош тузи миқдори юқори бўлган тайёр маҳсулотлар ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини (колбаса, қурут, сузма, пишлоқ, дудланган маҳсулотлар, чипслар, қуритилган нон, маринадлар, сосискалар, қази ва бошқалар) истеъмол қилишни чеклаш тавсия этилади. Шунингдек, кофе, кока-кола, пепси кола ичимликларини ҳам камайтириш лозим. Мева-сабзавотлар кўпроқ, яъни 5 порция (400-500 грамм) истеъмол қилиниши фойдали. Ёғли овқатлар, мол ёғини чеклаш, балиқли таомларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш деганда:
- тўғри овқатланиш;
- меъёрий жисмоний фаоллик (қанақа касаклликка чалинганликка қараб);
- меъёрий дам олиш;
- чекишни тўхтатиш;
- спиртли ичимликларни чегаралаш;
- вазнни меъёрида сақлаш (семириб кетмаслик);
- касалликларнинг олдини олиш мақсадида врач ҳузурида мунтазам кузатувда бўлиш.
Асосий юқумсиз касалликлар бўйича тўлиқ маълумотлар олиш учун УАШ ва патронаж ҳамшираларга мурожаат қилиш лозим..
Соғлигимизни асраш – ўзимизга боғлиқ. Шу боисдан, соғлигимизни авайлаб-асрайлик!
Севиль РИЗАЕВА,
вилоят ҳамширалик иши бўйича бош мутахассис.
Феруза ЯХШИЛИКОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.