ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Янги йил байрамига бағишланган тадбир “Диёр” ўйингоҳида кенг нишонланди. Байрамга туманимиз аҳолиси, жумладан болажонлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ҳамда ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг ишчи-хизматчилари иштирок этишди. ўйингоҳ марказида байрамона безатилган Президент арчаси байрамга янада кўрк бағишлади.
Байрам тадбирида туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов туманимиз аҳолисини тобора яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан қутлади. У якунланаётган 2019 йилда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, туманимизнинг эришган ютуқлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар хусусида сўз юритиб, келгуси 2020 йилда бундай эзгу амаллар яна давом эттирилишини билдирди.
Шунингдек, байрам тадбирида туманимизда истиқомат қилаётган 105 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларига туман ҳокими Б. Баҳрамов Президент совғаларини топширди. Президент совғаси олган болажонлар байрам дастурхонига таклиф қилинди. Туман Маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари иштирокида байрам концерти намойиш этилди. Туман театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Маша ва Айиқ” байрам эртаги болажонларда катта таассурот қолдирди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.