Билимли, зукко ўқувчилар ижодий ва илмий ишлари билан жамиятнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшиши билан бирга халқини ва унинг тарихини улуғлаб, дунёга танитади. Бундай ўқувчиларни тарбиялаш учун эса бизнинг жонкуяр устозларимиз уларни турли тадбирларга жалб қилиб, билим олишга қизиқишларини ошириб боришлари лозим.
Шу мақсадда мактабимизда ҳар ҳафта “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилиб келинмоқда. Мактаб маъмурияти ҳамда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида уюштирилаётган бу ўйинга биз ўқувчи-ёшларнинг қизиқишимиз тобора ошиб бораяпти. Билимли ва истеъдодли ёшларни рағбатлантиришга эса тадбир ташкилотчилари алоҳида эътибор қаратаяпти.
Ҳафтанинг шанба кунлари ўтказилаётган тадбирнинг навбатдагиси ҳам жуда қизиқарли ўтди. Унда мактабимизнинг энг фаол синфларидан бири – 9-б синфнинг “Истиқбол” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Ёшларнинг бўш вақтларини ана шундай йўналишда ташкил этиш орқали уларнинг билимига билим қўшилади, онги ошади, турли жиноят йўлларига киришининг олди олинади. Чунки, бўш вақтини мазмунли ўтказган инсоннинг умуминсоний қадриятларга садоқати ҳам ошади. “Заковат” ўйинлари биз ўқувчиларга шундай зарур фазилатларни эгаллашимизга ёрдам беради.
Севинч ЭРГАШЕВА,
42-умумтаълим мактабининг
8-синф ўқувчиси.