ҚИЗАМИҚ КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Қизамиқ юқори даражадаги юқумли касаллик бўлиб, иситмалаш, йўтал ва ўзига хос қизил-малла доғларни чақириш хусусиятига эга. Касаллик ҳаво томчи йўли орқали юқади. Касаллик 1-4 ёшгача бўлган болалар орасида кенг тарқалган. Бироқ бу касалликга қарши эмланмаган ҳар қандай ёшдаги одамга юқиши мумкин.
Қизамиқ касаллигининг белгилари 9-11 кунларда кўрина бошлайди ва 14 кунгача давом этади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганидан то тошмалар тошгунча бўлган давр юқумли пайт ҳисобланади.
Қизамиқнинг белгилари қуйидагича:
- кўз ёшланиши, тумов, акса уриш ва қовоқнинг шиши;
- кўзларнинг қизариб, ёруғликга сезувчан бўлиши;
- тана ҳароратининг бир неча кун 40,6 С ҳолатида ушланиб туриши;
- бир неча кундан кейин ҳароратнинг тушиши, бироқ тошмалар пайдо бўлгач
яна кўтарилиши;
- огиз бўшлиғи ва томоқда кул ранг-оқ доғнинг пайдо булиши;
- ланжлик, безовталик ва умумий ҳолсизлик;
- оғриқ ва зирқираш;
- иштаҳанинг пасайиши;
- қуруқ йўтал;
- одатда қулоқ орқасига тошмалар тошиб, кейин бошга, бўйинга, 2-3 кундан кейин тананинг бошқа қисмларига тарқалади.
Касаллик қизамиқ вирусини юқтириш орқали бошланиб, вирус юққач томоқ ва бурун шиллиғида яшайди. Йўтал ва аксириш касалликни тарқатиши мумкин. Зарарланган томчилар юза жойларга ўрнашиб, 2 соат давомида фаол ва юқувчи бўлади.
Иммун тизими кучсизланган болаларда лейкемия бўлиши, ич кетиши, қусиш, кўз касалликлари, ҳиқилдоғнинг яллиғланиши, шайтонлаш, менингит, зотилжам, гепатит, энцефалит, тромбоцитопия, бронхит, страбизим кузатилади.
Қизамиқ билан касалланган болаларни соғлом болалардан ажратиш ва қизамиққа қарши эмлаш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Қизамиқнинг махсус давоси йўқ. Унинг асоратлари бўлмаса белгилари 8-10 кунда ўтиб кетади.
Беморни даволаш мақсадида ҳароратни туширувчи дорилар бериш, болани салқин жойда сақлаш, хонани иложи борича қоронғи қилиш лозим. Бир ёшдан ошган болаларга чойга 2 чой қошиқ асал ва 1 чой қошиқ лимон шарбати солиб бериш фойдалидир. Агар бемор аҳволи оғирлашса албатта шифохонага ётқизиш керак.
Ҳомиладор бўлмоқчи бўлган аёллар олдин қизамиқ билан оғримаган бўлса шифокор билан қизамиққа қарши эмлаш ўтказишни маслаҳатлашиши керак. Агар ҳомиладорлигида қизамиқ билан оғриса бу ҳомилага ёмон таъсир қилишини, ҳатто ўлим ҳолати содир бўлишини тушунтириш керак.
Бувраҳима ХАШАНОВА,
ТТБга қарашли КТМПнинг юқумли
касалликлар хонаси шифокори.