Сил – хавфли юқумли касаллик бўлиб, бемор нотўғри даволанса узоқ вақт ишлаш қобилиятидан маҳрум бўлиши, ногиронликка, ҳатто ўлимга олиб бориши мумкин.
Бу касаллик одатда ўпкага таъсир қилади. Киши йўталганда, акса урганда, гапмирганда ёки тупурганда ҳаво орқали тарқалади. Ўпка сили билан оғриган, лекин даволанмаётган киши йил давомида 10-12 та соғлом одамга касалликни юқтириши мумкин.
Бемор ўз вақтида ва тўғри даволанса силдан батамом холи бўлиши мумкин.
Силнинг белгилари қуйидагича:
- икки ҳафтадан ортиқ давом этувчи йўтал;
- кўкрак қафасида оғриқ;
- иситма кўтарилиши. Баъзи беморлар иситмаси кундуз ёки кечқурун ошиши мумкин, баъзан иситма бўлмаслиги ҳам мумкин. Қувватсизлик, умумий ҳолсизлик кузатилади. Кўпинча сил билан оғриган кишилар ўзларини ҳолсиз ҳис қилади, уларга кундалик ишларни бажариш қийин туюлади.
- Иштаҳа пасаяди. Оилада беморнинг овқатланиши назоратга олиниши лозим. Даволаниш давомида бу жуда муҳим. Чунки, бемор яхши овқатланса дориларнинг танага сингиши ва ўзлаштирилиши осон кечади.
- Кўп терлаш асосан кечаси кузатилади, лекин бу ҳаммада ҳам кузатилмаслиги мумкин.
- Беморнинг озиши ҳам сил касаллигининг белгиси эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Озиш баъзида болаларда силнинг ягона белгиси ҳам бўлади.
Силнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим. Сил белгилари кузатилган беморга зарур ёрдамлар кўрсатилиши уни нафақат изтиробдан, ҳатто ҳаётини ҳамсақлайди.
Сил – бактерия бўлиб, у ҳаво-томчи йўли (йўтал, акса уриш, балғам) билан тарқалади. Бемор бошқа кишилар билан бирга ёпиқ хонада бўлиши мумкин эмас. Бемор хонаси тез-тез шамоллатиб турилиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Бемор билан яқин алоқада бўлиш ёки хоналарни шамоллатмаслик туфайли касалликни бошқаларга ҳам юқтириш мумкин.
Беморда сил касаллиги борлигидан шубҳаланилганда уни тиббий кўрикдан ўтиш зарурлигига ишонтириш керак. Бундай кўрик текин эканлигини унга билдириб, албатта ҳудуддаги шифокорга юбориш зарур.
Агар беморга сил ташҳиси қўйилса унга ва яқинларига қуйидагиларни тушунтириш лозим:
- силнинг давоси бор;
- бунинг уяладиган жойи йўқ;
- бемор билан алоқада бўлган кишилар ҳам албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари
керак;
- силни даволаш – текин;
- бемор даволаш курсини тўлиқ олиши шарт.
Патронаж ҳамшира ҳар куни бемор уйига ташриф буюриб, унинг дори ичаётганлигини кўриши ёки ёки бемор ўзи дори ичиш учун тиббиёт муассасасига келиши зарур.
Ёдда тутиш керакки, ўз вақтида аниқланган бемор – бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш, бошқаларни ҳам касалликдан асрашдир!
Феруза ЯХШИЛИКОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.
Зиёда САТТОРОВА,
Саломатлик маркази раҳбари.