ҚАРИНДОШГА ҚУДА БЎЛМАНГ
Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини топиб, оила аталмиш мўъжиза масканда соғлом муҳитга эга бўлсагина тўлақонли бахт нашидасини суради. Биз кўтармоқчи бўлган долзарб масала соғлом оилани қуриш тўғрисида бўлиб, бу кенг жамоатчиликни қизиқтириши билан аҳамиятлидир. Кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган, оила қуришда ҳисобга олинмаётган ва оқибатда оилага, жамиятга ҳам маънавий, ҳам моддий зиён етказаётган қариндошлик никоҳлари тўғрисида очиқ-ошкора сўзлаш ва тўғри йўлни аниқлаш ўта зарур, деб ҳисоблаймиз.
Фарзандининг соғлом бўлиши ҳар бир ота-онага чексиз шодлик, қувонч олиб келади. Акси бўлса-чи? Бола ногирон, наслий нуқсон билан туғилса, бу оила учун катта фожиадир. Бунинг олдини олиш ҳар бир ота-она ёки авлоднинг ўз қўлида эмасми? Агар барчамиз никоҳ масаласига масъулият билан, кенгроқ мушоҳада юритиб қарайдиган бўлсак, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмас эди. Нима учун ота-она деймиз?
Ҳеч кимга сир эмаски, урф-одат ва анъаналаримизга кўра, никоҳ кўпроқ ота-она, катталарнинг аралашуви асосида амалга оширилади. Тиббий нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, қариндошлар орасидаги никоҳ кўп ҳолларда фарзанд дунёга келиши билан боғлиқ ҳолатларда кўнгилга ғашлик солади. Қариндошлар орасидаги никоҳ туфайли ирсий (наслий) касалликлар, уларнинг мудҳиш оқибатлари тўғрисида илмий асосланган маълумотлар аҳоли ўртасида кенг тарқатилаётган бўлса ҳам бундай ходисалар учраб турибди. Ҳукуматимиз томонидан қонун ва қарорлар амалиётга жорий қилинаётгани бу масала хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришга ундамоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексида яқин қариндошлар никоҳининг тақиқланиши кўрсатиб берилган. Дарҳақиқат, соғлом авлодни дунёга келтириш, мустаҳкам оилани барпо этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июндаги 892-сонли “Болаликдан ногирон туғилишининг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мақсад - оилада соғлом муҳитни яратиш орқали насл баркамоллигига эришишдир. Оила қураётган икки ёш аввалдан туғма ва ирсий нуқсонлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида билимга эга бўлса, бу фойдадан холи эмас.
Ҳар бир қурилаётган оила бахтли бўлиши, соғлом фарзанд туғилиши учун аввало, никоҳланувчилар соғлом бўлмоқлари лозим. Бунинг учун янги оила қуришга шайланаётган ёшлар аввал тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра оила остонасига қадам қўйишлари мақсадга мувофиқдир. Айрим йигит-қизлар ўз касалликларини яширса, баъзилари ўзларида кечаётган хасталик аломатларини сезмасликлари ҳам мумкин. Бундай ҳолат янги қурилган оиланинг бузилиши ёки носоғлом бола туғилиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Шунинг учун оила қураётган икки ёш тиббий кўрик талабларига риоя қилса, бунинг “мева”си келажакда сезилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида оила қураётган барча ёшлар тор доирадаги мутахассислар ҳамда ижтимоий хавфи юқори бўлган касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, икки ёшга ўз доимий турар жойларидаги ФҲДЁ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Улар учун кўрикнинг ҳар бир тури бепул бўлиб, агар касалликнинг бирор тури аниқланса, даволаш чора-табирлари бўйича маслаҳат ва тавсия берилади. Мабодо хавфли касаллик тури аниқланса, бўлғуси келин-куёвларга ётиғи билан тушунтирилиб, қандай даволаниши юзасидан тегишли муассасаларга юбориш тартиблари мавжуд.
Фарзанднинг ногирон туғилиши ёки бирор нуқсон билан дунёга келиши ҳар қандай оила учун фожиа, албатта. Замонавий технологияларнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши натижасидан туғма нуқсонларни аввалдан аниқлаш мумкин. Бу она ва бола учун мутлақо зарарсиз ҳисобланади. Бола туғилмасидан аввал ташхис қўйишда Вилоят она ва бола скрининг маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-тиббиёт маркази ҳамда унинг вилоят бўлимлари зиммасига катта масъулият юкланади.
СКРИНИНГ – бу оддий усуллар ёрдамида касалликни эрта ва тез аниқлаш учун аҳолини оммавий текширувдан ўтказиш, деган маънони англатади. Скрининг марказининг асосий мақсадида ирсий касалликлар билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатиш ва ҳомиланинг туғма ҳамда ирсий нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказишдир.
Ногиронликнинг олдини олиш мумкинми, деган савол туғилади. Ҳа, бир умр имконияти чекланган бола учун қайғуриб яшагандан кўра, бунга йўл қўймаслик чорасини кўриш оила қураётган шахсларининг ўз қўлида эканлигини мутахассис сифатида яна бир бор таъкидлаймиз. Бунинг учун бирламчи тиббиёт тизими - оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокорлари, патранаж ҳамширалари аҳоли ўртасида ирсий касалликларнинг олдини олиш учун тиббий масалаҳат ва йўл-йўриқларни ота-оналарга бериб боришлари керак. Ҳар бир оила қураётган йигит-қиз туғма, ирсий (насл) каслликларни келтириб чиқарувчи омиллардан хабардор бўлса, бу фойдадан холи эмас:
- яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши, яъни амаки ёки амакиваччалар, иккинчи ва учинчи авлодга мансуб ака-укалар, опа-сингиллар, жиян-амакилар орасида никоҳ расмийлаштирилса;
- ҳомиладорлик даврида аёл киши 35, эркак киши 40 ёшдан ошган бўлса, боланинг ногирон бўлиб туғилиш хавфи юқори бўлиши;
- ҳомиладор аёлга зарарли ва хавфли омиллар – радиация, электромагнит нурлар, кимёвий бирикмалар, симоб ва қўрғошин бирикмалари, нефть ва нефть маҳсулотлари таъсири, спиртли ичимликлари, нефть маҳсулотлари таъсири, спиртли ичимликлар, никотин-тамаки таъсири, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, айрим препарат ва дори-дармонлардан нотўғри фойдаланса;
- аёл ёки эркакда сурункали қалқонсимон без, қандли диабет касалликлари учраса;
- аёл ва эркак юқумли касалликлар - қизилча, токсоплазмоз, хламидоз, цитомегаловирус, герпес ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриса;
- ҳомиладорлик даврида аёл тўлақонли овқатланса, ўзини асраб-авайламаса, стресс ҳолатида юрса, оилавий низо ва келишмовчиликлар рўй берса, фарзанднинг соғлом дунёга келиши ҳақида орзу қилиш қийин.
Жисмонан, руҳан соғлом авлодни дунёга келтириш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири бўлиб, бунинг ижросини таъминлашда ҳар бир кишининг ўз ўрни бор. Айниқса, ўғил-қизини вояга етказиб, уйлантириш ва узатиш ниятида бўлган ота-оналар соғлом авлодни жамиятга тақдим этишда ҳаммадан кўра кўпроқ маъсулдир.
Нигора ЭРГАШЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион
Соғлиқни сақлаш Миллий палатаси
Самарқанд вилояти ҳудудий
бўлинмасининг директор ўринбосари.
Зиёда САТТОРОВА,
туман Тиббиёт бирлашмасининг
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини
қўллаб-қувватлаш ва жисмоний
фаоллик даражасини ошириш
бўлинмаси шифокори.