МАРОҚЛИ САЁҲАТ
Яқинда туманимидаги 55 нафардан иборат кекса отахонлару-онахонлардан иборат фахрийларимиз икки кунлик саёҳат билан азим Тошкент шаҳрида бўлишди. Булунғурлик сайёҳларни Тошкент шаҳрида ишлаб, умргузаронлик қилаётган бир гуруҳ тумандошларимиз қучоқ очиб кутиб олишди.
Илк ташрифимиз Зангиота мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди. Сўнгра шинам ва қулай “Ўзбекистон” меҳмонхонасига жойлашдик. Кечқурун атоқли санъаткор Ботир Қодировнинг концертини томоша қилиш учун “Халқлар дўстлиги” Санъат саройида бўлдик. Концертдан бир олам таассурот ва қувонч олдик.
Сафаримизнинг иккинчи куни Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини кўрдик. Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг ҳайкали пойига гуллар қўйиб, шаънига Қуръон тиловат қилинди. Мустақиллик майдонида бўлиб, Мотамсаро она ёдгорлиги ва бошқа замонавий биноларни кўрдик. Шаҳидлар хиёбонида бўлиб, қатағон йилларида қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Тошкент шаҳрига сайёҳатимизни якунлар эканмиз, бизга эҳтиром кўрсатган тумандошларимиз – Маданият вазирлиги масъул ходими Болтабой Шодиев, “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали бош муҳаррири Олимжон Ўсаров, тадбиркор Неъматжон Вохидов, ИИБ ходими Эрали Бозоров ва хусусий тадбиркор Комилжон Ўтамуродовларга миннатдорчилик билдирдик. Сафаримиз давомида бугунги дориломон кунларимизга шукрона келтирдик. Юртимизга, халқимизга тинчлик ва соғлик тиладик.
Сафаримизни ташкил этиб, яқиндан ҳомийлик қилган туман ҳокими Б.А.Баҳромовга ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари А.Азимовлар шаънига ҳам илиқ сўзлар айтилди.
Шариф ТЎРА,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.