Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда қўшни Афғонистон тупроғини террористик гуруҳлардан тозалашда иштирок этган, ҳозирда вилоятимиз шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган жангчи-фахрийлардан 300 нафари қатнашди. Қатнашчилар аввало, “Мотамсаро она” ҳайкалини зиёрат қилишиб, гулчамбарлар қўйишди. Сўнгра шаҳардаги Марказий ҳарбий округида бўлишиб, у ердаги шароитлар, замонавий қурол-яроғлар, зирҳли ва зирҳсиз ҳарбий техникалар билан танишдилар.
Иштирокчилар Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюришиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Бу табаррук зот ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Тадбирда туманимиздан 10 нафар байналминалчи-жангчилари ҳам иштирок этишди.
Тадбирда иштирокчилар учун “Садаф” базмгоҳида бир пиёла чой ташкил қилинди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ўроқов ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, штаб бошлиғи, полковник Қаҳрамон Очиловлар “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганига 25 йил тўлганлиги билан қутлаб, улар доимо эъзозда эканлиги таъкидлашди. Шунингдек, Самарқанд ҳарбий гарнизони оркестрининг солисти Дилмурод Сафарбоев, Ўзбекистон халқ артисти Мардон Мавлонов ҳамда вилоят маданият уйи ёш хонандалари ижросидаги она Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди. Жангчи-фахрийларга ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг “Асқартоғ томонларда” номли янги нашрдан чиққан китоблари тарқатилди.
* * *
Тадбир туманимиздаги “Наврўз” базмгоҳида ҳам бўлиб ўтди. Унда туман “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари уюшмаси аъзоларидан 150 нафари иштирок этишди. Турли жабҳаларда иш олиб бораётган бу фахрийлар туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган учрашувдан беҳад миннатдор бўлишди. Улар бир туманда истиқомат қилишаётган бўлишса-да, анчадан буён бир-бирлари билан учраша олмаган эдилар. Бугун улар дийдорлашишди. Бирга Афғонистон Республикаси ҳудудида хизмат қилган чоғларини эслашди. Жангларда ўз хизмат вазифаларини мардларча адо этишган, марҳум қуролдош дўстларини хотирлашди.
Тадбирда туман ҳокими Б. Баҳромов иштирок этиб, иштирокчиларни чекланган қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқилганлигининг 30 йиллиги ва “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганлигининг 25 йил тўлганлиги билан қутлади. “Жасорати учун” медали соҳиблари Акмал Ҳайдаров, Бўрибой Долиев ва Алижон Исоқов каби фахрийлар ҳам сўзга чиқиб, қуролдош дўстларини айём билан қутлашди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.