“Нурли йўл” маҳалласида яшовчи Азим бобо Қаршибоев эндигина 17 ёшга кирганида қирғинбарот иккинчи жаҳон урушига отланди.
- Дастлаб пулемётчига ўқ етказиб берувчи бўлиб жангга кирдим, - дейди 2-жаҳон уруши иштирокчиси, 92 ёшли Азим бобо Қаршибоев. - Кейинчалик ўзим ҳам пулемётчи бўлиб душманга қақшатгич зарба беришда, Белоруссиянинг Бобруйск шаҳрини, Балотон кўли, Австрия, Чехославакия давлатларини фашист газандаларидан озод қилишда иштирок этдим. Шу орада ўнг қўлимдан икки марта яраландим. Ғалабани Венгриянинг Будапешт шаҳрида кутиб олдим.
1945 йилнинг август ойида жонажон қишлоғига кириб келган Азим бобо уруш асоратларини тугатишга астойдил бел боғлаб ишга киришиб кетди. Хўжалик ҳисобчиси бўлиб ишлаш билан бирга дала ишларини бажаришда хотин-қизлар ва ёшларга бош бўлди.
Шу кунларда 100 нафардан ортиқ невара, чевара, эваралар ардоғида бахтли яшаётган Азим бобо дуога қўл очиб:
- Шундай дориламон кунларга етказганига шукур, - дейди. - Биз кексалар кўрган у даҳшатли кунларни ҳеч ким кўрмасин. Урушнинг номи ўчсин жаҳонда.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Азим бобо Қаршибоев.