КИТОБНИ ҲАММА ЎҚИСИН
Туман Кўзи ожизлар жамияти кутубхонасида “Адабиётларга ишлов бериш ва бутлаш бўлими ҳужжатлари (Якка тартибда ҳисобга олиш китоби)нинг тўғри юритилиши” мавзусига бағишланган вилоят миқёсидаги семинар бўлиб ўтди.
Семинарда вилоятимизнинг ҳамма туманлари ва шаҳарларидаги кўзи ожизлар жамиятлари кутубхоналарининг мудиралари иштирок этишди. Семинар иштирокчилари туман Кўзи ожизлар жамияти кутубхонасининг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Вилоят Кўзи ожизлар жамияти кутубхонаси директори Қурбоной Юсупова семинарни бошқариб борди. Вилоят Кўзи ожизлар жамияти кутубхонаси мудираси Мавлуда Омонова “Адабиётларга ишлов бериш ва бутлаш” мавзусида маъруза қилди. Маърузада ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди. Семинар «мастер класс» тарзида ўтказилиб, семинар қатнашчиларига амалий ёрдам сифатида бу ҳужжатлардан намуналар берилди.
Маъруза юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлди. Семинар давомида хизмат кўрсатиш бўлими ходими Ғулом Фармонов абонемент ҳужжатларида китобхон фамилиялари, ариза кафолати, қарздорлик ва китобхон кундалигини юритиш бўйича қисқача маълумот бериб ўтди.
Семинарда туман ёшлар иши бўйича мутахассис Бердиёр Ҳасанов, Ёшлар кутубхонаси мудираси Гулноза Жўраева, туман Кўзи ожизлар жамияти раиси Худойберди Мамановлар мезбон сифатида иштирок этдилар.
Насиба ҲАКИМОВА,
туман Кўзи ожизлар жамияти
кутубхонаси мудираси.