Яқинда Самарқанд вилояти матбуот уйида ҳудудий босма нашрлар ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга бағишлаб семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят газета-журналлари муҳаррирлари, марказий нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этишди. Семинар аввалида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саидазим Юсупов сўз олиб, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йил учун обуна ташкил этишда таҳририятлар олдида турган вазифалар, газета ва журналлар мазмун-мундарижасини бойитиш, жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва бунда касб этикаси тамойилларига риоя қилиш қоидалари тўғрисида фикрлар билдирди. Сўнгра ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети доценти Назира Тошпўлатова “Ҳудудий нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва яхшилаш бўйича таклифлар” ҳамда “Журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари” тўғрисидаги маъруза қилди. ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети доценти Беруний Алимовнинг “Ҳудудий накшрларда ахборотларни тайёрлаш-контент масаласи” ва “Олиб борилаётган ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва бунда касбий этика тамойили” мавзусидаги маърузалари ҳам тингланди. Шунингдек, эксперт ва мутахассислар ҳудудий нашрларда менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар, оммавий ахборот воситалари томонидан йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари, ахборотларни тайёрлашда контент масаласи, журналист суриштирувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари каби масалалар бўйича машғулотлар ўтказилди, иштирокчилар билан баҳс-мунозаралар уюштирилди ҳамда иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоблар қайтаришди.
Тадбир сўнгида барча иштирокчилари бундай семинар-тренинглар таҳририятлар фаолиятига ижобий таъсир этиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.