Ўзбекистонда инсон омилига ғамхўрлик асосий масала саналади, бунга давлат сиёсати даражасида ёндашилади. Туман кўзи ожизлар жамиятининг сўнгги 5 йиллик фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилишида бу алоҳида қайд этилди.
Ҳисобот йиғилишида маъруза қилган туман кўзи ожизлар жамияти раиси Х. Мамановнинг таъкидлашича, жамият аъзолари сони 102 нафарни ташкил этиб, улар ногиронлик бўйича ҳисобда туради, шунингдек 3 нафари меҳнат фаолиятини давом эттираяпти.
Маърузада таъкидландики, туман кўзи ожизлар жамияти ўз аъзолари билан яқин сафдош ва ҳамкор. Уларнинг талаб-эҳтиёжлари ўрганилиб, имкон даражасида ёрдамлар уюштирилаяпти. Жумладан, кўриш қобилияти сустлашган аъзоларининг аксарияти ҳассалар билан таъминланган. 2 нафар аъзо эса Тошкент шаҳридаги махсус коллежга ўқишга жойлаштирилди. Эҳтиёжмандларга имкон даражасида моддий ёрдамлар бериб борилмоқда. Ҳисобот йиллари мобайнида аъзоларга жами 2 миллион 900 минг сўм моддий ёрдам берилди.
Туман кўзи ожизлар жамияти ўз аъзоларининг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун уларни вилоятдаги истироҳат боғларига сайрга олиб бориб, олиб келишни йўлга қўйган. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги тарихий ёдгорликларга саёҳат уюштириш, зиёратгоҳларга зиёратга олиб бориш ҳам тез-тез ташкиллаштирилиб турилади. Байрам кунлари эса аъзолар учун давралар ташкиллаштирилиб, бир пиёла чой устида гурунглашилади.
Ҳисобот йиғилишида сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосари Б. Ильчиев кўзи ожизлар жамияти ва унинг аъзоларига эътибор бундан кейин ҳам давом эттирилишини, чунки уларнинг ҳар бири жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзолари эканлигини таъкидлади.
Ҳисобот йиғилишида Х. Мамановнинг 5 йиллик фаолиятига қониқарли баҳо берилди. У яна 5 йилга туман кўзи ожизлар жамиятининг раислигига сайланди.
Ҳисобот йиғилишида вилоят кўзи ожизлар жамияти раиси З. Оқбўтаев иштирок этиб, туман кўзи ожизлар жамиятининг келгусидаги фаолиятига ишонч билдирди.
Ўз мухбиримиз.