МУРОЖААТДАГИ ФИКРЛАР ҚИММАТЛИ
ва ёшлар онгини юксалтиради
Республика маҳаллалар Кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаолларининг Мурожаатини вилоятимиз аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокими Э. Турдимов томонидан ФЎЎБОФМБ вилоят Кенгашининг маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил октябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури ижросини таъминлаш мақсадида МФЙ раислари учун ҳамкорлик масалалари бўйича бир кунлик “Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусидаги ўқув-семинарларини ўтказиш жадвалини тасдиқлади. Ушбу жадвалга асосан яқинда туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўқув-семинари ўтказилди. Семинарда тумандаги барча маҳаллалар раислари, котиблари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий тарбия бўйича мутахассислари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, семинарда вилоят Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Ўткир Усмонов ҳамда ФЎЎБОФМБ вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Юсуфжон Салимовлар иштирок этишиб, Мурожаатнинг мазмун-моҳияти, бугунги кундаги долзарб масалалар кўтарилганлигини таъкидлашиб, буни бир қанча ҳаётий мисоллар билан шарҳлаб беришди ҳамда Мурожаатга асосан дастур ишлаб чиқилиб, аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
Ўқув-семинарда сўзга чиққан туман Ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси Камол Ғаппаров, Каптархона МФЙ раиси Бахтиёр Жонузоқов ва туман “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари Абдуқаюм Хушвақтовлар ҳам барча ҳамкор ташкилотлар бирдам бўлиб ҳаракат қилиши яхши натижа беришини таъкидлашди.
Иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга Ў. Усмонов ва Ю. Салимов томонидан тўлиқ жавоблар кайтарилди.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.