НАМУНАЛИ ТЎЙ БЎЛДИ
Бир кунлик тўй деб кўплар қарзга ботиб қолганларини яхши биламиз. “Мен сендан камми...” қабилидаги тўйлар йўғонни ингичка қилиб, ингичкани узади. Қолаверса, бу ортиқча дабдабабозлик, ортиқча чиқим ва исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди. Тўғрисини айтсам, ушбу Низом халқимизнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Буни халқимиз ушбу Низомни қўллаб-қувватлашидан ҳам билса бўлади. Кўпчилик бундай тўйларни 2020 йил 1 январдан эмас, ҳозирданоқ бошлаб юборди.
Яқинда “Гулзор” маҳалласидаги “Янги Эрганакли” қишлоғида умргузаронлик қилаётган Умарали ака хонадонидаги келин тўйи бунга мисол бўла олади. “Уммат ҳожи” тўйхонасида бўлиб ўтган бу маросимга 200га яқин киши қатнашди. Ихчамгина ўтган бу тўйда спиртли ичимликлар ҳам қўйилмади, куй-қўшиқ ҳам маромида бўлди. Тўй иштирокчилари бир-бирлари билан дилдан суҳбатлашди. Туман имом-хатиби Тўлқин ҳожи тўй эгаларини ана шундай намунали тўй билан табриклади. Исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳаётимиз иллати эканлиги тўғрисида амру-маъруф қилди. Ихчамгина ўтган тўй кўпчиликка манзур бўлди.
Рўзибой ХОЛМИРЗАЕВ,
меҳнат фахрийси.