Яқинда Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг халқимиз эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган маросимларни ўтказишда исрофгарчиликларнинг олдини олиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш каби салбий иллатларга қарши ҳамжиҳатлик билан курашишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб биргаликда курашиши лозимлиги ҳақидаги Мурожаатномасини халқимизга айни вақтида қилинган даъват деб биламиз.
Ҳали жойларда турли оилавий базмлар, тўйлар ўтказишга мўлжалланган катта-катта тўйхоналар, базмхоналар қурилмасидан олдин, яъни, ўтган асрнинг 70-80 йилларида тўй ва базмлар, маросимларнинг барчаси хонадонларда, ҳовлиларда ўтказиларди. Хонадонларда ўтказиладиган тўйлар учун тайёргарлик ишлари тўйдан бир неча кун олдин бошланиб, биз каби ўспиринлар тўй баковулларининг берган топшириқларини тўлиқ бажариб, хизмат қилиб юрардик. У пайтларда тўй қиладиган киши тўйдан бир неча кун олдин яқинлари, оғайнилари, қўни-қўшнилари ва маҳалла фаолларидан иборат бўлган бир неча кишини чақириб, тўйни қайси кунга белгилаш, ўтказиш тартиблари, кимлар қандай хизматлар кўрсатиши, тўй баковуллари, ошпазлар-у-чой ташувчиларгача белгиланиб, маслаҳатлашиб, кенгашиб олинарди. Тўй куни эрта тонгдан меҳмонларни кутиб олувчи тўй баковуллари хонадон эгалари билан биргаликда меҳмонларни кутиб олиш учун шай туришарди. Тўйларни кўнгилдагидек ўтказиб олишгандан сўнг эртаси куни тўй соҳиби тўйда хизмат қилган барча кишиларни чақириб “хизмат оши” қилиб, тўйда хизмат қандай ўтганлиги, хизматкорлар томонидан қаерда, қандай камчиликларга йўл қўйилганлиги хусусида муҳокама қилишарди. Бу билан келгусида тўй ва маъракаларда аввал йўл қўйилган камчиликларни такрорламасликка келишиб олинарди.
“Ўзбекфильм” киноижодкорлари томонидан тайёрланиб, халққа катта экран орқали намойиш этилган “Тўйлар муборак” фильмидаги “Эҳ бу одамлар, нималарни ўйлаб топишмайди-я” дея айтилган гап айни ҳозирги тўй ва маъракаларни ўтказаётган замондошларимизга нисбатан айтилгандек гўё.
Узоққа бормайлик, кейинги йилларда туманимиз базмгоҳларида ўтказилаётган келин-куёв тўйи, суннат ва мучал тўйи, юбилей, бешик тўйи, хонадонлардаги тўй ва маъракаларда ҳам дастурхонга қўйилаётган ноз-неъматларнинг турлари ва ҳажми ҳаддан зиёд ошиб, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Шунингдек, фильмда айтилганидек, ҳар тўйда бир янгилик “кашф” қилиниб, урф-одат рўйхатига киритилиб борилаяпти. Бу ҳақда республика, вилоят телевидениеси, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан туманимиз газетаси “Булунғур ҳаёти”да ҳам бир неча бор муҳокамалар, мунозаралар, баҳслар, ва танқидий чиқишлар қилинди. Лекин, афсуски, туманимизда бўлиб ўтаётган тўй ва маъракаларда ҳозиргача бирор ижобий ўзгариш сезилаётгани йўқ. Ўзгариш сезилаяпти, фақат салбий томонга. Одамлар ўзлари ўйлаб топаётган янги-янги урф-одатлар қўшилаяпти. Шулардан бири, агар мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, келин-куёв саҳнага кийиб чиқадиган либослардир.
Илгари тўйхоналарда кўпчиликнинг олдида саҳнага чиқаётган нафақат келин, балки куёв ҳам тортиниб, кўпчиликдан уялиб турарди. Куёв эгнида беқасам тўн, белида белбоғ, бошида миллий дўппи билан, келин эса эгнида миллий атлас матодан тикилган либос, бошида ёпинчиқ, юзида тўр парда билан саҳнага чиқишарди. Саҳнада улар бир-бирлари билан унчалик кўп гаплашмасликка ҳаракат қилишарди. Уларнинг ҳар иккаласидан ҳам миллийлик уфуриб турарди.Ҳозиргидек кўпчилик меҳмонлар, қариндошлар олдида даврага чиқиб ўйнамасди, бир-бирларига торт едирмасди. Тўй ниҳоясида уч-тўртта ёши улуғлар иштирокида “юз очди” маросими ўтказилганидан сўнггина келин юзини очиб юрарди. Ҳозирчи, буларнинг бутунлай акси.
Очиғини айтишимиз керак, яқин йилларда тўйхона ва базмгоҳларда ўтказилаётган тантаналарда тўй эгаси қайси маҳалладан бўлса, ўша маҳалла фуқаролар йиғини раиси ёки аъзоларидан бири тўйга бош-қош бўлиб, тўй охиригача масъулиятни ҳис қилиб, тўйни назорат қилиб турганлигини кўрганимиз йўқ. Бу ерда фақатгина тўй эгасига яқин қариндош бўлган кишиларгина тўй охиригача виждонан хизмат қилишади. Нафақат маҳалла фаоллари, балки, ФҲДЁ ходимлари, ҳуқуқ-тарғибот идораси ходими – профилактика инспектори, ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси вакили қани бу ерда? Ахир Мурожаатномада таъкидланганидек, тўй ва маъракаларни ихчам ва тартибли ўтказиш “Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга” масаладир. Бунга ҳеч биримизнинг бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Абадийликда қўним топган бобо-момоларимиз, авлод-аждодларимизни хотирлаб дуо қилиб, уларнинг ҳаққига хатим-худойи қилиб, бир-иккита қўни-қўшнини,маҳалланинг мулласини чақириб қуръон оятларидан ўқитиш каби оддий маросимни ҳам катта маъракага айлантириб юбораётганлар йўқ эмас орамизда.
Яқинда мана шундай маъракалардан бирида иштирок этганимизда “урф-одатлар”нинг янги кашф қилинганларига гувоҳ бўлдик. Маъракада иштирок этаётган маҳалла мулласи қуръон сура ва оятларидан хонадон соҳибларининг ўтиб кетган аждодлари ҳаққига дуо ўқиди. Даврада иштирок этаётганлар орасида шу маҳаллада яшайдиган эшон бобо ва ҳожи боболар ҳам бор эди. Хонадон эгаси дуо ўқилгач муллага алоҳида қанд-қурс жойлаштирилган тугун ва устига бир даста пул қўйди. Сўнгра унинг ёнидаги эшон бобо ва ҳожи боболарга ҳам тугун ва устига бир дастадан пул қўйиб чиқди. Хўп, мулла хизматига яраша ҳақ олаяпти. Бундан ташқари, мулла шу маҳаллада мана шундай маросимларни ўтказиб, хизмати эвазига берилётган тушумларни масжид ҳисоб рақамларига тушириб бораяпти. Эшон бобо ва ҳожи боболарга бундай лутф кўрсатиш на жоиз. Бу билан хонадон соҳиби даврадаги бошқа иштирокчиларга “Мана, кўриб қўйинглар менинг кучимни, кучларинг етса бундан кейин сизлар ҳам мана шундай қиласизлар” деётгандек гўё. Яна шундай маъракалардан бирида эса маҳалла мулласи, эшон боболар ва ҳожи боболар алоҳида хонага ўтқазилди. Бошқа чақирилганлар эса бошқа хонага жойлашишди. Эшон боболар ва ҳожи боболар ўтирган хона дастурхони тўкин бўлиб, унда “анқо”нинг уруғидан бошқа ҳамма нарса муҳайё. Етти-саккиз хил овқат тарқатилди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирига ташриф давомида бир неча ўн минг сўмдан пул тарқатиб чиқилди. Хонадон соҳиби эса зўр иш қилгандек кўкрак кериб юрибди.
Яқинда бир узоқ қариндошникига азага бордик. Тўқсонни қоралаб қолган марҳум онахоннинг фарзандлари, неваралари, жигарлари саф тортиб, бел боғлаб туришибди. Жаноза ўқилиш пайтидан ярим соатлар олдин. Кўчада одам кам. Фотиҳа қилиб бўлгач кўпчилик қатори биз ҳам тўрт-беш сўм узатдик. Сўнгра шу ерда хизмат қилиб юрганлардан бири ёнимизга келиб, бизга ҳам икки-уч минг сўмдан пул узатиб, “Ҳовлининг ён томонига ўтингизлар, ҳамма келганлар шу томонда. У ерга ўн-ўн бешта стол ўрнатганмиз, келганларга ош сузаяпмиз”, деди. Уйнинг ён томонига ўтсак... ҳақиқатдан ҳам барча жанозага йиғилганлар худди тўйга келгандек столда ош еб, тамадди қилиб, бир-бирлари билан гурунглашиб ўтиришибди. Азами бу, тўйми? Азада, марҳумни охирги йўлга кузатиш чоғида стол тузаб ош тарқатиш шартми? Ҳар бир жанозага келган кишига пул бериш шартми? Қани бу ерда маҳалла мулласи, фаоллари, оқсоқоллари? Нима учун улар бефарқ? Кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишади. Одамлар томонидан ўйлаб топилаётган бундай янгидан-янги “урф-одатлар”га ўз вақтида барҳам бериш, ортиқча сарф-харажатлардан тийилиш пайти келмадимикан? Маҳаллаларимизда ўтказилаётган тўй ва маросимлардаги бундай нохуш ҳолатлар келгусида ёшларимиз тарбиясига салбий кўрсатмаслиги керак. Шундай экан ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини вужудга келтириш, оилада соғлом муҳит барқарор бўлиши учун урф-одатларга амал қилишда ҳам тартиб ва меъёрлар ҳал қилувчи омил эканлигини унутмайлик.
ОдилҲУСАНОВ,
ТўлқинШЕРБОЕВ.