БАРГ ХАЗОНЛАРНИ ЁҚМАНГ,
чунки бу экологияга, соғлигимизга катта зарар
Атмосфера - ер куррасини ўраб олган ҳаво қатламидир. Атмосфера ернинг ҳимоя қатлами бўлиб, тирик организмларларни турли ултрабинафша нурлар ва зарарли зарралардан сақлайди. Атмосфера – ер ва бошқа фазовий жисмларнинг газсимон қобиғи бўлиб, ер юзасида асосан азот (78,08 фоиз), кислород (20,95 фоиз), аргон (0,93 фоиз), сув буғи (0,2-2,6 фоиз), карбонат ангидрид газидан (0,03 фоиз) иборат.
Атмосфера табиатнинг энг муҳим элементларидан ҳисобланади. Шу билан бирга инсоннинг яшаши тоза ҳавога боғлиқ. Аксинча, ҳаво ифлосланиб, унинг кимёвий таркиби ва физик хоссалари ўзгариши билан ҳар бир организмнинг физиологик ҳолати ўзгаради ва турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Маълумки, атмосфера ҳавоси ҳар хил механик газларнинг аралашмасидан иборат. Бир тонна барг хазони ёқилганда 30 килограмм углеводород оксиди атмосфера ҳавосини зарарлайди. Баъзан ғалладан бўшаган майдонларга ўт қўйиш, барг хазонларни тўплаб ёқиш ҳолатларига дуч келамиз. Ундан чиқаётган тутун ҳам тоза ҳавони булғаётгани, ҳам соғлигимизга жиддий зарар етказаётгани ҳақида ўйламаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун, яъни, далаларда сомон, хазон ва шох-шаббалар ёки ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш орқали атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлик учун фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача жарима солиниши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг экология соҳасидаги жиноятлар бўлимининг ХIV бобининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар бўйича 193-моддасида - экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш, 196-моддасида - атроф табиий муҳитни ифлослантириш, 197-моддасида - ер, ерости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, 198-моддасида – экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилганлик учун жарима ёки ахлоқ тузатиш, қамоқ ёхуд озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар белгиланган.
Шундай экан, она табиатга зарар етказмасдан атроф-муҳит мусаффолигини, табиатни асл ҳолича сақлаб, келгуси авлодга соф ҳолда етказишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Сардор АБДУЛЛАЕВ, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспектори.