Бугун мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида улкан ўзгаришлар рўй бермоқда, кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз солиқ сиёсатини тубдан такомиллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз солиқ сиёсатида янги саҳифани очиб берди. Мазкур ҳужжатда меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириш назарда тутилганини эътироф этиш жоиз.
Аввало, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар нималардан иборат? Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 172-моддасига кўра, иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар, деб эътироф этилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи, илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация тўловлари (компенсация), ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш, предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар, юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар сирасига киради.
Бугунги кунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 0 (энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача), 7,5 (ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача) 16,5 (ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача) ва 22,5 фоиз (ЭКИҲнинг 10 бараваридан юқориси) этиб белгиланган. Шунингдек, суғурта бадали ставкаси 8 фоизни ташкил қилади. Кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун 15 фоизлик ва бошқалар учун 25 фоизлик ягона ижтимоий тўлов ставкалари амал қилмоқда.
Фармонга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланади. Шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинганини таъкидлаш лозим. Яна бир янгилик - фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади.
Пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов 25 фоиз миқдорида белгиланади, шунингдек, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади.
Таъкидлаш лозимки, ўтган йиллар мобайнида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи максимал ставкаси ўзгариб келмоқда. Жумладан, 1990 йилда ушбу ставка 60, 1995 йилда 45, 2000 йилда 40, 2010 йилда 22 ва 2018 йилда 22,5 фоиз миқдорида белгиланган. Худди шундай ягона ижтимоий тўлов сткавларида ҳам ўзгаришлар кузатилганини қайд этиш жоиз. Чунончи, барча корхоналар учун мазкур ставка 1994-2000 йилларда 40 фоиз, 2004 йилда 33 фоиз ва 2010 йилда эса 25 фоиз бўлган. Жорий йилда ягона ижтимоий тўлов ставкаси йирик корхоналар учун 25 фоиз, кичик бизнес субъектлари учун 15 фоиз миқдорида белгиланган. 2019 йилда эса бу борада ҳам ўзгариш рўй беради. Жумладан, ягона ижтимоий тўлов ставкаси давлат корхоналари учун 25 фоиз, йирик корхоналар ва кичик бизнес субъектларига 12 фоиз бўлади.
Хўш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтиришга қаратилган ушбу ўзгаришлар қандай натижа беради? Энг муҳими, аҳолининг реал даромади ва иш ҳақи миқдори ошади. Бундан ташқари, солиқ тизими шаффофлиги таъминланиб, давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ишчан муносабат шаклланади. Ўз навбатида солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш соддалашади ҳамда солиқ тўловчиларнинг харажатлари қисқариб, турли оворагарчиликларга чек қўйилади.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилоят ДСБ
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий
ахборот шўъбаси давлат солиқ инспектори.