Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 31 август кунидаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги баёноти мамлакатимиз Қуролли Кучларини тузиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди, 1992 йил 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.
Шу ўтган 26 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армияга эга бўлди.
Ҳозирги вақтда Президентимиз томонидан Қуролли Кучларни ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилган. Ислоҳотлардан кўзда тутилган асосий мақсад - стратегик ва тактик вазифаларни ҳал қилиш, чегараларимиз дахлсизлиги, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликка нисбатан қилинадиган ҳар қандай таҳдидларни бартараф этиш ва уларга муносиб жавоб қайтаришга қодир бўлган, сон жиҳатдан ихчам, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этишдан иборатдир.
Бугунги шароитда Қуролли Кучларимиз шахсий таркибининг маънавий омилининг нақадар муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида фикр юритган Биринчи Президентимиз « Шуни, алоҳида таъкидлаш керакки, армиянинг қудрати фақатгина унинг жанговар тайёргарлиги, ҳаракатчанлиги, энг янги қурол-яроқлар билан таъминланганлиги билан эмас, балки Қуролли Кучларимиз сафлари профессионал тайёргарликка эга бўлган шахсий таркиб билан қай даражада тўлдирилганлиги, офицер, сержант ва аскарларнинг маънавий, ахлоқий-руҳий фазилатлари, уларнинг фаол ҳаётий позицияси ва қатъий эътиқоди, она Ватан тақдири учун масъулият ҳиссининг нақадар юксак экани билан белгиланади», деб таъкидлаб ўтган эди. Зеро, буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур айтганидек « Куч билан бирни, ақл ва мустаҳкам руҳ билан мингни енгиш мумкин».
Бугунги ёшларимиз учун армияда хизмат қилиш шон-шараф ишига айланган, Ватан ҳимоясини қалб иши деб қабул қилиш, миллий армиямиз сафидан жой эгаллашга интилиш орзуси кучайган.
Туман Мудофаа ишлари бўлими шахсий таркиби Қуролли Кучларимиз сафига билим савияси юқори, чиниққан, бақувват ва соғлом кадрларни етказиб беришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
2018 йил навбатдаги чақирувда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга 162 нафар чақирилувчи юборилди.
Ҳозирги кунда туман Мудофаа ишлари бўлимида 2019 йилги навбатдаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий ва сафарбарлик резерви хизматига олинаётган чақирилувчиларни ўрганиш, саралаш ва танлов ўтказиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Муддатли ҳарбий хизматга бўйи 170-175 сантиметр ва ундан баланд, вазни 65-70 килограмм ва ундан оғир бўлган чақирилувчиларни туман ва вилоят тиббий комиссиялари текширувидан ўтказишмоқда.
Самарқанд вилоят Мудофаа ишлари бошқармасининг режасига асосан 23 октябрь кунивилоят тиббий комиссиясиБулунғур тумани Мудофаа ишлари бўлими чақирув пунктида бўлиб ўтади. Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш ишлари жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтади.
Чақирилувчиларнинг билим савиясини аниқлаш, яъни тест синовлари Булунғур шаҳридаги Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтади.
Ана шу синовларнинг якунига кўра юқори балл тўплаган чақирилувчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун юборилади.
Ўзбекистон Республикси Конститутциясининг 52-моддасида белгиланган ҳуқуқларингиздан фойдаланинг, азиз юртдошлар! Зеро, Ватанга хизмат - муқаддас бурч.
Маъмур ТЎЙЧИЕВ,
туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи.