Уй шароитида хонадонингизда, кўча-кўйда йўл-йўлакай енгил тамаддихоналарда, ошхоналарда, мактаб ва муассасалар, ресторанлар, тўйхоналар ва бошқа емакхоналарда турли хил мазали таомлар истеъмол қиламиз. Истеъмол қилаётган ушбу таомларни тотли ва ширин қилувчи унинг таркибидаги гўшт маҳсулоти. Гўшт солинган ҳар қандай таом кишига хуш ёқиши табиий. Ушбу истеъмол қилишимиз лозим бўлган гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмолчилар бозорлар ва аҳоли яшаш ҳудудларидаги гўшт дўконларидан харид қилади. Хўш, гўшт дўконларида бугунги кунда аҳолига сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари қай даражада? Истеъмолга яроқлими? Тегишли мутахассислар томонидан текширилиб, сотишга рухсат берилганми? Гўшт дўкони сотувчилари белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтишаяптими? Дўконларнинг ветеринария-санитария ҳолати талаб даражасидами? Шу каби саволларга аниқлик киритиш ҳамда дўконлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бошқа туманлардаги каби бизнинг туманда ҳам фаолият юритаётган гўшт дўконларининг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилиб, гуруҳ аъзолари гўшт дўконларидаги ҳақиқий аҳвол билан танишиб чиқишди.
Туман маркази ва “Деҳқон бозори” ҳудудида 20 га яқин гўшт сотиш дўконлари аҳолига хизмат кўрсатади. Ўрганиш ва кузатувлар жараёнида гўшт дўконларидаги шароит, ҳозирги вақтдаги ҳолати ҳамда айрим камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Бир кунда ўрта ҳисобда неча килограм гўшт сотилаяпти ва кушхонада сўйилганлиги ҳақидаги маълумотнома, тиббий кўрик дафтарчаси, ветеринария-санитария ҳолати, махсус иш кийими, музлатгич ҳолати, чопқич воситаларини зарарсизлантиришга риоя этиш, тадбиркорлик қилиш учун рўйҳатдан ўтганлиги кабилар ўрганилди.
Чорраҳа кесишмаси ёнида жойлашган Умид Мардоновга тегишли гўшт дўконини кўздан кечирганимизда у ердаги тозалик, музлатгичлар ва бошқа ҳолатлари тўлиқ талабга жавоб беришининг гувоҳи бўлдик. Бироқ, яна бир гўшт дўконида хизмат сифатининг талаб даражасида эмаслиги сабаб у ерда кунига 5-8 килодан гўшт сотилаётгани ва тиббий кўрик дафтарчаси муддати ўтгани маълум бўлди. Бозор ҳудудига кираверишдаги гўшт дўкони эса айни вақтда таъмирталаб ҳолатда экан. Сотувчи ўн кун ичида таъмирлаб, тайёр ҳолатга келтиришини билдирди. “Деҳқон” бозори ҳудудидаги қатор гўшт дўконларида бўлганимизда ҳам улардаги шарт-шароитлар ўрта ҳолатда экани кузатилди. Лекин афсуски, бирида чорва молларини сўйиш ва сотиш хизмати учун солиқ тўлаш рухсатномаси йўқ бўлса, яна бирида тиббий кўрикдан ўтиш муддати тугаганлиги аниқланди. Мавжуд иш кийим халати ювилмаган, солиқ тўлаш рухсатномасини ҳам тақдим этолмаган сотувчини, ҳатто кийимларини музлатгич ичига солиб қўйган сотувчиларни ҳам учратдик. Ушбу сотувчиларга камчиликларни икки-уч кун ичида бартараф этиши лозимлиги тушунтирилди.
Биз истардикки, “Деҳқон” бозори ҳудудида ва унинг атрофида жойлашган барча гўшт дўконлари ҳам У.Мардонов каби харидорларга намунали хизмат кўрсатса, бу албатта, нафақат ўз фойдаси учун яхши шунингдек, олувчиларга ҳам қулайлик туғдиради.
Ўрганиш ўтказишдан асосий мақсад - аҳолининг соғлиги муҳимлиги эътиборга олинган. Тумандаги мавжуд гўшт дўконлари туманимизнинг барча аҳолисига хизмат кўрсатади. Мабодо бирор-бир дўконда касалланган чорва моллари сўйилиб, аҳолига сотиб юборилгудек бўлса, у ҳолда юзлаб кишиларнинг соғлигига путур етиши мумкин. Агарда сотувчи бирор юқумли касалликка чалингудек бўлса-ю, тиббий кўрикдан ўтмасдан дўконда аҳолига хизмат кўрсатса ҳам юзлаб-минглаб кишилар ҳам бу касалликни юқтириб олишлари ҳеч гап эмас.
Ишчи гуруҳи вакиллари маҳаллалар ва қишлоқларда ҳам бўлишди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, туманимиздаги фаолият юритаётган мавжуд гўшт дўконларининг деярли барчасидаги тўнгаклар талаб даражасида эмас. Хоналарнинг аксарияти санитария-ветеринария ҳолатига жавоб бермайди. Кўпчилик гўшт дўконлари мудирлари бефарқликлари сабабли тиббий кўрикдан вақтида ўтишмаган. Айримларининг умуман тиббий кўрик дафтарчалари йўқ. Ҳаттоки... баъзи дўкон мудирларининг иш кийими халати ва бош кийими ҳам йўқ. Очиғини айтишимиз керак. Ҳозиргача туманимизда замонавий, марказлашган, барча қулайликларга эга бўлган кушхоналар йўқ. Жорий йилдан бошлаб тадбиркорларимиз томонидан мана шундай замонавий кушхона қурилиши бошлаб юборилган. Йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирда эса асосан қишлоқ жойларда жойлашган гўшт дўкони мудирлари махсус кушхоналарга эга эмаслиги сабабли чорва молларини ўз уйларида ёки аҳоли уйларида сўйиб, сўнгра дўконга олиб келиб сотишмоқда. Аслида эса чорва моллари сўйилишидан олдин ветеринар кўригидан ўтказилиши, сўнгра гўшт махсус лаборатория-экспертиза мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилганидан кейин сотишга рухсат берилиши лозим.
Юқоридаги камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилмаганлиги эса шу соҳага мутассадди бўлган туман ДСЭНМ ва Ветеринария бўлимининг жойлардаги назоратчиларининг ҳудудлардаги дўкон мудирлари билан вақти-вақти билан профилактик тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўймаганликлари ҳамда ўз хизмат вазифаларига совуққон муносабатда бўлганликларида. Шунингдек, гўшт дўконларида сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархларида ҳам назорат суст. Ҳар қайси дўкон мудири ўзи истаган нархда маҳсулотини сотишмоқда. Белгиланган барча меъёр ва талабларга тўлиқ амал қилингандагина аҳолининг дуоси ва раҳматини олишга эришамиз. Буни унутмаслигимиз лозим.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбирлари.