Туманда алоҳида кушхонанинг йўқлиги сабабли гўшт савдоси билан шуғулланувчи қассоблар ўз хонадонларида, аҳоли хонадонларида ва тўғри келган жойларда чорва молларини сўйиб, аҳолига сотиш билан шуғулланиб келишган. Тўғри, улар гўшт дўконларидаги сотувга чиқарилаётган гўштларни тегишли идоралар мутахассисларининг махсус текширувидан ўтказиб, рухсат берилганидан сўнг сотишмоқда. Лекин...очиғини айтганда шу бугунгача сотувдаги гўштлар номигагина текширувдан ўтказиларди. Бунда истеъмолчиларнинг соғликлари, фуқароларнинг ҳуқуқлари моддий манфаатдорликдан кейинги ўринга тушиб қолганлиги сир эмас.
Жорий йил август ойида вилоят ҳокимлигида ўтказилган фаоллар йиғилишида ҳам вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ҳудуддаги қассоблар иш фаолияти қониқарсиз аҳволда эканлиги, вилоятдаги гўшт дўконларида сотувга чиқарилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари дўконларининг аксарияти талабга жавоб бермаслиги, улардаги маҳсулотлар антисанитария шароитида сақланаётганлиги, харидорлар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги ҳамда қассобларнинг ўз уйидаги қушхоналари талабга жавоб бермасликларини аниқ мисоллар асосида кескин танқид қилди. Бозорлар ҳудудларидаги гўшт дўконларида тозалик бўлиши, сотувчи ва харидор учун қулай шарт-шароит яратиш кераклиги ҳақида тегишли мутасадди ташкилотларга топшириқлар берди.
Туманимизда ҳам раҳбарият ва ҳуқуқ органлари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар бериб, кредит маблағларини олишда ҳар томонлама кўмаклашиш, айниқса уюшмаган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш устувор вазифа этиб белгиланган. Кўрсатилаётган бундай имконият ва имтиёзлардан туман ёшлари ҳам оқилона фойдаланишмоқда. Анча вақтдан буён Шуҳрат Эргашев ҳам ўз шахсий сармояси ҳисобидан замонавий типдаги барча қулайликларга эга бўлган шинам кушхона қуриб, халққа хизмат қилишни дилига тугиб юрган эди. Шу боисдан жорий йил бошида ҳокимликга тумандаги ташландиқ жойдан бир гектар майдонни ажратиб беришларини сўради. Унинг бу ерда кушхона қуриб ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал қилинди. Ш. Эргашев дарҳол олдиндан режалаштириб юрган бизнес режа асосида иш бошлаб юборди. Қурилишни бошлаш учун аввало, қурувчи-усталарга бошқа қурилиш хом ашёлари билан бирга сув ҳам зарур бўлади. Шу боисдан у биринчи навбатда ўн миллион сўмга эллик сантиметрли ўлчамдаги труба орқали сув чиқаришга эришди. Навбатдаги вазифа бу ерга электр энергияси етказиб келиш эди. Бунинг учун тарнсформатор, симёғочлар, электр симлари ва бошқа электр учун зарур бўладиган ускуналар зарур эди. Бу ишлар бажарилгунга қадар эса шу ерга яқин жойда жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасидан вақтинча электр таъминоти йўлга қўйилди.
Ҳозиргача тадбиркор Ш. Эргашев кушхонанинг асосий қисмини, унинг ёнидаги қассоблар ювинишлари учун махсус хона, ошхона, ветеринар хонаси, лаборатория хонаси ва бошқа зарур хоналарни тиклаб олди. Ҳозирда биноларнинг том қисмини ёпиш ишлари бажарилмоқда. Ушбу ишларнинг амалга оширилиши учун тадбиркор ўз шахсий ҳисобидан тўрт юз миллион сўм атрофида маблағ сарфлади. Кушхона билан катта йўл оралиғидаги 200 метр йўлни қуриш учун туман йўл қурилиши бўлими идораси билан шартнома тузишга эришилди.
- Замонавий типдаги янги кушхонанинг қурилиши билан боғлиқ ишларни шу йилнинг охиригача тугатишни режалаштирганмиз, - дейди тадбиркор Шуҳрат Эргашев. - Кушхона ишга тушгач ҳар ойда 120-150 бош қорамолни сўйиб, гўшт дўконларига сотувга чиқариш ҳамда 10 та янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади.
Замон билан ҳамнафас иш олиб бораётган тадбиркор Ш. Эргашевнинг режалари бисёр. У келгусида кушхона қошида бюджет ташкилотлари учун махсус дўкон, колбаса цехи қуриш ниятида. Халқимизни сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилиб, эзгу ишга қўл урган Шуҳрат Эргашев каби тадбиркорларимизнинг сафи янада кўпайиши ҳамда уларнинг ишлари бароридан келиши халқимиз турмуш фаровонлигини таъминловчи омиллардандир.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.
Суратда: тадбиркор Шуҳрат Эргашев (ўнгда) бажарилаётган ишларни кўздан кечираяпти.