Уй шароитида хонадонимизда, кўча-кўйда йўл-йўлакай енгил тамаддихоналарда, ошхоналарда, мактаб ва муассасалар, ресторанлар, тўйхоналар ва бошқа емакхоналарда турли хил мазали таомлар истеъмол қиламиз. Истеъмол қилаётган ушбу таомларни тотли ва ширин қилувчи унинг таркибидаги гўшт маҳсулоти. Гўшт солинган ҳар қандай таом кишига хуш ёқиши табиий. Ушбу истеъмол қилишимиз лозим бўлган гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмолчилар бозорлар ва аҳоли яшаш ҳудудларидаги гўшт дўконларидан харид қилади. Хўш, гўшт дўконларида бугунги кунда аҳолига сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари қай даражада? Истеъмолга яроқлими? Тегишли мутахассислар томонидан текширилиб, сотишга рухсат берилганми? Гўшт дўкони сотувчилари белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтишаяптими? Дўконларнинг ветеринария-санитария ҳолати талаб даражасидами? Шу каби саволларга аниқлик киритиш ҳамда дўконлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан вилоятдаги барча туманларда фаолият юритаётган гўшт дўконларининг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар гўшт дўконларидаги ҳақиқий аҳвол билан танишиб чиқишди.
Ўрганиш ўтказишдан асосий мақсад аҳолининг соғлигини ишончли ҳимоялаш. Тумандаги мавжуд гўшт дўконлари аҳолининг барча қатламларига хизмат кўрсатади. Мабодо бирор-бир дўконда касалланган чорва моллари сўйилиб, аҳолига сотиб юборилгудек бўлса, у ҳолда юзлаб кишиларнинг соғлигига путур етиши мумкин. Агарда сотувчи бирор юқумли касалликка чалингудек бўлса-ю, тиббий кўрикдан ўтмасдан дўконда аҳолига хизмат кўрсатса ҳам юзлаб-минглаб кишилар бу касалликни юқтириб олишлари ҳеч гап эмас.
Ишчи гуруҳи натижалари шуни кўрсатмоқдаки, туманимиздаги фаолият юритаётган мавжуд гўшт дўконларининг деярли барчаси мақтагулик даражада эмас. Барча дўконлардаги тўнгаклар талабга жавоб бермайди. Хоналарнинг аксариятида аҳвол санитария-ветеринария талабига тўғри келмайди. Кўпчилик гўшт дўконлари қассоблари бефарқликлари сабабли тиббий кўрикдан вақтида ўтишмаган. Айримларининг умуман тиббий кўрик дафтарчалари йўқ. Ҳаттоки баъзи дўкон мудирларининг иш кийими - халати ва бош кийими ҳам йўқ.
Ҳозиргача туманимизда замонавий, марказлашган, барча қулайликларга эга бўлган қушхоналар йўқ. Жорий йилдан бошлаб тадбиркорларимиз томонидан ана шундай замонавий қушхона қурилиши бошлаб юборилган. Йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирда эса асосан қишлоқ жойларда жойлашган гўшт дўкони мудирлари махсус қушхоналарга эга эмаслиги сабабли чорва молларини ўз уйларида ёки аҳоли уйларида сўйиб, сўнгра дўконга олиб келиб сотишмоқда. Аслида эса чорва моллари сўйилишидан олдин ветеринар кўригидан ўтказилиши, сўнгра гўшт махсус лаборатория-экспертиза мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилганидан кейин сотишга рухсат берилиши лозим.
Юқоридаги камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилмаганлиги эса шу соҳага мутассадди бўлган туман ДСЭНМ ва Ветеринария бўлимининг жойлардаги назоратчилари ҳудудлардаги дўкон мудирлари билан вақти-вақти билан профилактик тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўймаганликлари ҳамда ўз хизмат вазифаларига совуққон муносабатда бўлганликларида.
Шунингдек гўшт дўконларида сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархларига ҳам назорат суст. Ҳар қайси дўкон мудири ўзи истаган нархда маҳсулотини сотишмоқда. Белгиланган барча меъёр ва талабларга тўлиқ амал қилингандагина аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга эришамиз. Буни унутмаслигимиз лозим.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.