Халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси, Ўбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи ва туман Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази вакиллари билан биргаликда туман “Деҳқон бозори” ҳудудидаги умумий овқатланиш шахобчалари – ошхона, буфет ва сомсахоналардаги санитария ҳолати ўрганилди.
Эътибор туман аҳолиси ва бу ерга ташриф буюраётган меҳмонлар талабини қондириш, уларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаб, истеъмолга чиқариш жараёнини талаб даражасида ташкил этиш, турли хил касалликларнинг олдини олишга қаратилди. Дастлаб темир йўл кўприги ёнидаги ошхоналар ҳолати ўрганилди. Бу ерда атроф-муҳит ҳавосини чиқинди сувининг бадбўй ҳиди бузиб турибди. Ёнидаги йўлакдан ўтиб қайтаётган кишилар ҳам бемалол нафас ололмай, бурнини ишқалаб ўтаяпти.
Туман “Деҳқон бозори” ҳудудидаги барча ошхоналар ва сомсахоналар бирма-бир кўздан кечирилганда, афсуски, бу умумий овқатланиш шахобчаларининг кўпчилиги бугунги кун талабига мос равишда ишламаётганлиги маълум бўлди. Аҳолига “хизмат” кўрсатаётганлар санитария талаблари асосида тавсия этилган оқ халат, ҳимоя қўлқопи, катта ошпазлар ҳам бош кийими киймасдан ишлаяпти. Мижозлар столи эски ва йиртилган қопламалар билан ёпилган, бир марталик салфетка ўрнига “намга тўйинган” уй салфеткаси ишлатиляпти экан. Таом тайёрланадиган жойда ҳам қишлоқ-хўжалик маҳсулотлари, гўшт, идишлар пала-партиш жойлаштирилган. Айримларида маҳсулотларни ювиб, тўғраб, идишларга жойлаштирилган жойда супургини ҳам учратдик.
Ошхоналар ва у ерда ишлаётганлар қандай тартибларга амал қилишлари кераклиги бўйича туман ДСЭНМ томонидан барчасига санитария талаблари тўғрисидаги йўриқномалар тарқатилган экан. Лекин, унга амал қилинмасдан, бажарилмасдан, эътиборсиз қолдирилаётган экан.
- Ушбу йўриқномаларни тарқатишдан асосий мақсад овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишдан иборат, - дейди туман ДСЭНМ озиқ-овқат гигиенаси бўлими шифокори ёрдамчиси Азамат Абдуғаниев. – Йўриқномани бир йилда бир маротаба тарқатиш белгиланган. Шундай бўлсада, келиб чиқиши мумкин бўлган турли хил касалликларни бартараф этиш учун икки-уч марта такроран тавсия бериб чиқаяпмиз.
Йўриқномада ўндан ортиқ санитария тавсиялари белгиланган бўлиб, фақат бозор ҳудудидаги 4-5 та ошхона ва сомсахонадагина ушбу қоидаларга риоя этилган. Мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш талаб даражасида йўлга қўйилган. Қолганларида эса санитария-гигиена ҳолати қониқарсиз аҳволда. Йўриқномада ошхона ва сомсахонада ишловчи ошпаз ва ишчилар тиббий кўрикдан ўтган, махсус иш кийими билан таъминланган бўлиши, идишларни иссиқ сув билан ювиш ва тоза жойда сақлаш, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ сақламаслик, ветеринария кўригидан ўтган ва сифатли гўшт маҳсулотларидан фойдаланиш ва музлатгичда сақлаш, каттиқ ва суюқ чиқиндилар учун махсус жой ва усти ёпиқ ўра ташкил этиш кераклиги белгиланган.
Якка тартибдаги тадбиркор Азиз Эгамбердиевнинг ошхонасида ўриндиқлар, тозалик, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда ишчиларга махсус кийим талаб даражасида ташкил этилибди. Рашид Ғайбуллаевнинг ошхонасида ҳам бунинг ижроси кўриниб турибди.
- Тамадди қилувчилар учун барча шароитлар етарли бўлса, бу ерга келганларнинг кўнгли тўқ ва хизматимиздан рози бўлиб кетишади, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Р.Ғайбуллаев. – Тозалик ва санитария қоидаларига риоя қилсак, ўзимиз ва бошқалар саломатлиги учун фойдадан ҳоли бўлмайди.
Ана шундай шароитга эга емакхоналар қаторига Ибрагим Эргашев ҳамда Гулнора Мамаеванинг тамаддихонасини ҳам қўшиш мумкин.
Жўрабой Мамаражабовнинг “Temir qanot” номли сомсахонасидаги аҳвол эса кишида қониқиш ҳосил қилмайди. У ерда синиқ столлар учрайди, газ баллонларидан хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаган ҳолда фойдаланилаяпти. Сомса тайёрлаб сотишга мўлжалланган, якка тадбиркор Феруза Саматованинг сомсахонасида ҳам шароитларни қониқарли деб бўлмайди. Эшик олдига кабоб пишириш мақсадида ўрнатилган қўра атрофи ўралган бўлиб, чиқаётган иссиқликдан куйиб, қора тутуннинг ранги уриб қолганининг гувоҳи бўлдик. Бундай “манзара” бу ерга келувчилар таъбини хира қилиши табиий.
Ошхоналарни ўрганиш, тушунтириш ишлари олиб бориш жараёнида ошпаз ва ишчиларнинг махсус иш кийимини киймасдан ишлаётгани, кўпчилигида ҳатто мавжуд эмаслигининг гувоҳи бўлдик.
Ўрганиш жараёнида иштирок этган депутатлар ва ДСЭНМ ходимлари томонидан барча ошхоналар раҳбарларига йўриқномада белгиланган талабларга амал қилиниши зарурлиги тушунтирилди. Бугунги замон талаби асосида фаолият олиб бориш, ҳар бир истеъмолчига сифатли ва санитария талаблари асосида хизмат кўрсатишни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Бозор ҳудудида барча ошхоналарда қисқа муддат ичида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.