Яқинда ана шундай профилактик тадбирлардан бири туман электр таъминоти корхонасида бўлиб ўтди. Тадбирда туман ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Дилмурод Нарзиев Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”деган ғоялари ҳақида фикр юритди. Шунингдек, ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари туман ҳудудидаги маҳалла, мактаб, ташкилот ва муассасаларга ташриф буюриб, у ердаги аҳоли, ёшлар ва уюшмаган ёшлар билан бевосита мулоқот олиб борилаётганлиги, жойларда юз бериши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларнинг барвақт олдини олишда кенг жамоатчилик фикрига таяниш, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва ёши улуғлар билан биргаликда бамаслаҳат иш олиб борилиши мақсадга мувофиқ эканлиги, уларнинг кўмагига таяниш яхши самара беришини таъкидлади.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида тушунча бериб ўтди.
Бундай учрашувлар туман Тиббиёт бирлашмаси, “Гулзор”, “Улуғбек”, “Каттақишлоқ”, “Янгиобод” МФЙларда, 18, 2, 54-умумтаълим мактабларида ҳам ўтказилиб, биргаликда ҳаракат қилинса жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, жамоат тартибини сақлашда, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муайян натижаларга эришиш мумкинлиги ҳусусида сўз юритилди.
Аҳоли билан юзма-юз ўтказилаётган бундай учрашувларда фуқароларнинг ҳуқуқий соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларига соҳа ходимлари батафсил жавоблар беришди.
Улуғбек РАСУЛОВ,
туман ИИБ тергов бўлими
суриштирувчиси, лейтенант.