Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлимида туман ҳокимлиги, туман ИИБ, “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда ЎзХДП туман Кенгаши вакиллари, шунингдек МФЙлар фаоллари иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Унда фахрийларни мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга кенгроқ жалб этиш, нуронийларни нотинч оилалар ва вояга етмаганларга бириктириш ҳамда тўй-ҳашамларни ихчам ўтказишда уларнинг масъулиятини янада ошириш масалалари муҳокама этилди.
Ҳозирги кунда туманда нотинч оилалар сони 78 тани ташкил этади. Бунинг сабаблари ишсизлик, ака-укалар ўртасида ерга талашиш, эр-хотин ва қайнона-келиннинг келишмовчилиги кабилардир Нотинч оилалар ҳамда ичкиликбозликка муккасидан кетаётган фуқаролар билан ёши улуғ кишилар тушунтириш ишлари олиб бориши яхши самаралар бериши аниқ. Семинарда бу фикрлар алоҳида таъкидланди.
Жиноятчиликка мойил ёшлар ҳам учраб турибди. Ўтган йилга нисбатан ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 102 тадан 52 тага камайган. Бунда тегишли ташкилот ва фаоллардан ташқари, кенг жамоатчиликни жалб этиш яхши самара бераяпти. Айниқса, мактаб ёшидагиларнинг ўз жонига қасд қилиш сабаблари ва руҳий ҳолатига салбий таъсир этувчи омиллар атрофлича ўрганиб чиқилса, натижа янада яхшиланар эди. Шунингдек, жиноятга мойил ёшлар билан алоҳида ишлаш мақсадида ёши улуғ кексалар билан биргаликда психолог мутахассисларни ҳам жалб қилиш яхши самара бериши шубҳасиз.
Кейинги пайтда тумандаги 55 та жиноятнинг 20 тасини ёшлар содир этгани, 3 та ўғирлик, 11 та йўл-улов ҳодисаси, хотин-қизлар томонидан 1 та жиноят, 3 та иқтисодий яъни, порахўрлик ва давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ ишлар аниқланган. Келгусида бу ҳолатларнинг сонини камайтириш учун янада фаол иш олиб бориш лозим.
Яна бир муҳим масала: тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ҳаёт талабига айланган. Маҳаллада тўй бошлаган кишилар, никоҳдан ўтувчи ёшлар ҳамда базмлар уюштириладидан тўйхона эгаларини чақириб, улар билан суҳбатлар ўтказиш керак. Тўй- маросимларини миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш, унга беписандлик билан қараган фуқароларга, зарур бўлса, тегишли чоралар кўриш зарур. Бу маълумотларни халққа етказиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси томонидан зиёли, кекса авлод вакилларидан иборат комиссия тузилиб, уларга ваколат доирасида иш юритиш ҳуқуқи берилиши муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув-семинар сўнгида ёш оилаларда юзага келаётган ажримлар, уларни яраштириш чораларини кўриш хусусида ҳам сўз борди. Шунингдек, ҳар бир масала юзасидан икки ҳафтада бир марта шу каби йиғинларни ўтказиб туриш, қилинган ва қилиниши лозим бўлган ишлар, эришилаётган натижалар, янги таклиф ва тавсиялар билдириш, хусусан, умумий маълумотларни шакллантириб бориш борасида келишиб олинди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.