Ҳожатбарорлик ҳам турлича бўлади. Биров шеригига кўмаклашиб, яна бошқаси мўйсафид ва қарияларнинг юкини манзилига етказиб, ҳайдовчилар эса йўловчилар узоғини яқин қилиб ва бошқа турли савоб ишларни бажаришиб ҳожатбарорлик қилади ва уларнинг дуоларини олиб, раҳматларини эшитиб юришни исташади. Лекин... бизнинг қаҳрамонимиз Шавкат Мардонов (исми-фамилияси ўзгартирилган) мижозларнинг бошқача йўл билан “ҳожат”ини чиқаришни маъқул кўрди. У гарчи бу қилаётган иши қонунга зид эканлигини билсада, “бошқалар ҳам шу иш билан шуғулланиб юришибди-ку” деган ўй билан таваккал қилиб, ўз шахсий маблағини “оборот”га қўйди. Шавкат “Деҳқон бозори” атрофини айланиб, мижоз топиб, маълум фоиз ҳисобига чет эл валютасини миллий валютамизга алмаштириб бера бошлади. Пул пулни тапади, деб бежизга айтишмаган. Ш. Мардоновнинг пули пул топди, маблағи кундан-кун кўпая борди. Лекин... бузоқнинг югургани сомонхонагача эканлигини Ш. Мардонов туман ИЖҚКД бўлими ходимлари томонидан фош этилиб, ҳуқуқбузарлик ашёвий далили сифатида 220.000 Ўзбекистон Республикаси сўми, 7.000 Россия рубли, 10.000 Қозоғистон Республикаси тенгеси, (сўмга нисбатан қиймати) жами 1.328.430 сўм пулларни олиб, ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар билан расмийлаштирилганидан сўнг тушуниб етди.
Суд томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган барча маблағлар тегишли тартибда давлат эгалигига ўтказилиб, ҳуқуқбузар Ш. Мардоновга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 170-моддасига асосан, МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 (бир) баравари, яъни 172.240 (бир юз етмиш икки минг икки юз қирқ) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Зоҳид ИКРОМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши
курашиш Департаментининг туман бўлими инспектори.