Тирикчилик қилиш мақсадида ҳар ким меҳнат қилади, пул топиб, уйига олиб бориш учун интилади. Бироқ, ўзи ишлаётган вазифасидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ҳаром луқма топишга уринишнинг оқибати яхши бўлмайди ва бир кун албатта панд беради. Темур Бобожонов “Мингтепа” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Westen” меҳмонхонасида бошқарувчи бўлиб ишларди. 2018 йил 16 феврал куни соат 17:00 ларда меҳмонхонага нотаниш йигит ва қиз келади. Улар битта бўш хона сўрайди. Шунда бошқарувчи шахсни тасдиқловчи паспортларини олиб, кўздан кечиради. Эр-хотин эмаслигини билгач, “секингина” суҳбат қилади. Улар жинсий алоқа қилиш мақсадида келгани ва шароит яратиб беришини сўраб, пул таклиф қилади. Темур бир нафар мижоз учун 120.000-150.000 сўмгача тўлов қилиниши айтади. Келишувни пишитгач, 10 минг сўмлик купюрадаги 300 минг сўм пулларни олиб, иккисини битта хонага жойлаштиради. Шу маҳал ИИБ ходимлари келиб, иккинчи қаватга бир йигит ва бир қизнинг чиқиб кетишганини айтиб, улар қай тартибда меҳмонхонага қўйилганини сўрайди. Бошқарувчининг мижозларни қайд қилувчи дафтарида уларнинг исм-фамилияси киритилмагани аниқланади. 2-қаватдаги 209-хонада эса “Монти” ва “Руся” исмли шахслар чиндан ҳам бирга эди.
Темур Бобожоновнинг қилмиши тегишли тартибда баҳоланиб, унга нисабатан хулоса қилиниб, бир йилу икки ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилди. У арзимас чой-чақа эвазига ўз вазифасидан номақбул ишлар учун фойдаланмаганида эди бундай чекловлар ҳам бўлмасди, ўзи ҳам уятта қолмаган бўларди.
Хуршид ЖЎРАЕВ,
туман прокурори катта ёрдамчиси.