Маданият ва санъат ходимлари ўз ижод ташвишлари, ўй-хаёл дунёси, ички кечинмалари билан яшаб, атрофда бўлаётган бошқа жараёнларга кўп ҳам эътибор беравермайди. Улар доимо ижоди ва интилишлари билан халқи ва мухлислари кўнглига йўл топишга жонсарак. Аммо...
Бозор иқтисодиётига ўтилгандан кейин ҳам ходимларимиз ўз борлиғи билан яшаб, ижод қилиб келишаётганди. Бироқ, сўнгги 4-5 йил "аввал иқтисод...", деган халқ иборасининг ҳаётийлигини тасдиқлаб қўйди. Натижада, ўз касбининг моҳир устасига айланган бир қанча ҳамкасбларимиз рўзғор ташвишлари, аниқроғи пул топиш мақсадида хорижга кетиб қолишди. Туман маданият бўлимининг бир қаноти шикаст топди. Тоза, озода кийиниб, "қийналмай" пул топиш эвазига кучли стресс холатларга тушиб қолаётганини сезганлар ҳам соғлиги, ҳам иқтисодини тиклаш мақсадида деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишни маъқул топишди. Бўлимнинг юраги ҳувиллаб қолди. Отам замонида қурилган биноларда акам замонидан қолган иш қуроллари (мусиқа асбоблари, саҳна либослари, овоз кучайтириш мосламалари...) билан жадал ривожланиб бораётган ўзбеклар элининг бир гулшанини обод қилиш, шарафли касби номига доғ туширмаслик каби ватанпарварлик туйғулари юрагининг энг тўридан жой олганларгина сафимизда қолишди. Ваҳоланки... туманимизда маданият, санъат соҳасида олий маълумотга эга 5 нафар йигит бир кун ҳам ўз соҳаси бўйича ишламай, пул топишнинг осон йўлларида юрганини биламиз. Тавба, оталари фарзандларини нега бу соҳага ўқитишди, нега 5 нафар истеъдод соҳиби ўрнини бекорга эгаллаб, нега давлатнинг миллионлаб маблағи-ю, устозларнинг сабоғи ҳавога совурилишига йўл қўйишди!?. Йигитлар-чи... нега манқурт мисол ҳаёт кечиришмоқда!?. Тўғри, ота-она – муқаддас. Ота-она ғанимат, бу ҳам чин. Дуо - ўстиради. Аммо, ўша ўринларга ўқишга кира олмай, қалби, руҳидаги истеъдодни бевақт хазон қилишга мажбур бўлганларнинг қарғишичи?..
Майли, ҳамма экканини ўради.
Офтоб нури ер юзининг барча қатламларига кириб боргани каби муҳтарам Президентимизнинг нигоҳлари ҳам барча жабҳаларни қамраб олаётганларига амин бўлиб оғирига сабр, озгина маошга шукур қилиб, касбининг этагидан тутган ҳамкасбларимиз елкасига ҳам офтоб тегди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги "Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида"ги Қарорига кўра мазкур соҳа ходимларининг ойлик маоши 45 фоизга кўтарилди. Устозларим, дўстларим, шогирдларимнинг Юртбошимизга бўлган садоқати, меҳри, ишончи яна юз чандон ортди, тиш-тирноғи билан ишга киришди. Оилалари билан тун-у кун дуода: Муҳтарам Президентимиз омон бўлсин, ишончини оқлаб бир марта табаррук қўлларини сиқиш менга хам насиб этсин!
Аминманки, Шавкат ота ҳаммамизнинг аҳволимиз, орзуйимиз, ниятимизни биздан ҳам яхшироқ биладилар. Қолаверса, муқаддас Рамазон ойида қилинган эзгу тилаклар албатта, ижобат бўлади.
Алижон ИСОҚОВ,
туман Маданият бўлими мудири.