Туманимизда спортчи мураббийлар ҳақида гап кетганда биринчилардан бўлиб жуда кўплаб курашчи полвонларга устозлик қилган Раббим Ташановнинг номи тилга олинади.
– Мен жуда ёшлигимдан спортнинг кураш турига қизиқдим, - дейди Раббим Ташанов. - Кураш сирларини биринчи устозим,тажрибали мураббий Жамол Бараташвилидан ўргандим.
Раббим Ташанов 9-синфдаёқ Республика мактаб ўқувчилари спартакиадаси ғолиблигин қўлга киритди. У ҳарбий хизмат давомида ҳам спортни тарк этмади. Москва ҳарбий округининг очиқ биринчилигида бир марта ғолиб бўлди, кейинчалик шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Лекин, курашчи полвон Раббим Ташановнинг спортдаги фаолиятида узилиш бўлди, машғулотларнинг бирида ўнг оёғидан жароҳатланди. Шифокорлар хулосасига кўра унга спорт билан шуғулланиш мумкин эмас, деган талаб қўйилди. Спортга қаттиқ боғланиб қолган, спортсиз келгуси ҳаётини тасаввур этолмайдиган Раббимнинг орзулари бир олам эди.
Спортга меҳр қўйган Раббим тушкунликка тушмади. Мураббий бўлиб ёш полвонларни тарбиялашга аҳд қилди. Шу тариқа курашчи Раббим Ташановнинг мураббийлик фаолияти бошланди. 1990 йилдан бошлаб бугунга қадар ёшларнинг севимли устози сифатида “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби”да ишлаб келмоқда. Ўз касбининг фидойиси бўлган Раббим Ташанов томонидан “Болаларни соғломлаштиришда мактабдан ташқари таълимнинг ўрни”, “Ўғил болаларни чиниқтиришда кураш” мавзуларида услубий тавсияномалар ишлаб чиқилди.ва вилоят миқёсида оммалаштирилди. Мураббийнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида мактабдаги жисмоний тарбия кабинети ва спорт зали замон талаблари асосида жиҳозланди. Раббим Ташанов мактабда ёшларни спортга қизиқтириш, жалб қилиш борасида мунтазам иш олиб бормоқда ва шу соҳада уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун спорт тўгаракларида ҳам машғулотлар ўтаяпти.
Айни пайтда мураббийнинг ёш истеъдодли шогирдларидан 30 нафари Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежларида таҳсил олмоқда. 5 нафар шогирди нуфузли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, Самарқанд Давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига имтиёзли равишда, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, талаба бўлишди. 12 нафари эса юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида юртимиз довруғини жаҳонга танитмоқда. Мураббий Раббим Ташановнинг шогирдлари Самарқанд, Навоий, Фарғона, Бухоро, Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган Республика очиқ чемпионатлари, Туркманистон Республикасининг пойтахти Ашхобод, Маришаҳарлари ҳамда Қозоғистон Республикасининг Олмаота, Аксукент, Чимкент шаҳарларидаги халқаро мусобақаларнинг ғолиби ва совриндорлари бўлишган. Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса 2 ва 4-ўринларни эгаллашган.
– Турли халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, Мустақил юртимизнинг спорт шарафини муносиб ҳимоя қилган шогирдларим, спорт усталари Мустафа Холмуродов, Дилшод Қармишов, Жавоҳир Мақсадалиев, Лондон ва Бразилияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Осиё чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Мўминжон Абдуллаев, вилоят ва Республикамиз чемпионлари Шоҳруҳ Абдусаидов, Шуҳрат Исрофилов, Шоҳзамон Мусаев, Жамшиджон Усанов, Отабек Норқулов, Абдулла Омонбоев, Суҳроб Маҳмудов, Миржалол Ўрозалиев, Жавлон Жўрақулов, Жавлон Отабоев, Жамшид Ҳафизов, Лочин Жўраев, Абдумўмин Мамировлр билан фахрланаман, - дейди мураббий Раббим Ташанов. - Машғулотларда қатнашаётган шогирдларимдан 10 нафари спорт устаси, 60 нафари спорт усталигига номзод, 90 нафари катталар биринчи разрядига эга. Машғулотларимизда 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган полвонлар ўз маҳоратларини оширишмоқда.
Мураббий Раббим Ташанов давлат дастурлари ва таълимга оид турли тадбирларда фаол иштироки билан ҳамкасблариҳурматини қозонган. Камтарин, изланувчан, ўз касбининг фидойиси, олий тоифали мураббий Раббим Ташанов 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2010 йилда эса 1 октябрь - “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, Мустақиллигимизнинг 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ёшларнинг севимли устозини биз ҳам “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” билан қизғин табриклаб, келажагимиз ворислари бўлган ёшларни тарбиялашдаги шарафли ишларига омад тилаймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: мураббий Раббим Ташанов чемпион шогирдлари билан.