Ҳар бир экиндан юқори ҳосил олиш учун аввало, ер агротехника талаблари асосида тайёрланиши, яъни сифатли шудгорланиши, кесаклари яхшилаб майдаланиб, текисланиши лозим. Сўнг белгиланган ерга уруғ қадалиб, захлатиб суғорилиши керак. Албатта, бу ишларни бажариш билан бирга ер зарур ўғитлар билан ҳам озиқлантирилиши зарур.
“Ғўбдин” агрофирмаси ҳудудидаги “Қодир ота” фермер хўжалигида ғалла экишда тажриба алмашиш, бу муҳим ишни вақтида, сифатли амалга оширишга бағишлаб семинар ўтказилди. Семинарда туман ҳокими Б. Баҳрамов иштирок этиб, ўз фикрларини баён қилди.
- Ғалла нафақат қишлоқ хўжалик маҳсулоти, у аввало ризқ-рўзимиз, қолаверса давлат буюртмаси. Ғаллачилик билан шуғулланадиган ҳар бир деҳқон-фермер ана шу масъулиятни чуқур ҳис этиб, ерни уруғ қадашга тайёрлаш, уруғни вақтида ва сифатли қадаш, уни агротехника талаблари асосида парваришлаш каби ишларни маромига етказиб бажармоғи шарт. Афсуски, бу масъулиятни талаб даражасида ҳис этмай, унга эътиборсиз қараётганлар ҳам йўқ эмас. Жорий йилда жами 2000 гектар ер майдонида ғаллачилик билан шуғулланган 93 та фермер хўжалиги давлат буюртмасини бажаролмади. Бундай фермерлар ўзларига билдирилган ишончни оқламаганлиги учун улар тузилган шартномалар бекор қилинади ва ерлари туман заҳира ерлари ҳисобига олинади.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи А. Амонов, вилоят мелиоратив экспедицияси бошлиғи Қ. Мирзаевлар ғалла экиш қандай бажарилиши кераклиги юзасидан фикрларини баён қилишди.
Ўз мухбиримиз.