Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида Президент соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Tashabbus – 2018” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда 30 га яқин тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди.
“Tashabbus – 2018” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 676-Ф-сонли фармойиши асосидаўтказилган танловда иштирокчилар ўзларининг фаолияти, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, иқтисодий ҳолати бўйича маҳсулотларини намойиш этишди.
– Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежини битириб, ўз ҳисобимиздан “Mubaro” оилавий корхонасини ташкил этдик, - дейди Сарвиноз Арслонова. – Сутни қайта ишлашдан ташқари, қандолат маҳсулотлари ҳам тайёрлаймиз. Келгусида, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.
Йилига 6 минг 300 жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга “BUGATTI SHOES” корхонаси ҳам Хитой технологиялари асосида тикилаётган пойабзал маҳсулотлари билан қатнашди. Ҳунармандлар ўзларининг уй-рўзғор буюмлари, бешик, сандиқ, ёғоч эшик, миллий либосларини тақдим этдилар.
– Бугунги танловда ўзимизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз билан қатнашяпмиз, - дейди “Ўткирбек Диёрбек даласи” фермер хўжалиги раиси Баҳодир Бердимуродов. – Шунингдек, боғдорчилик, ғаллачилик, ва паррандачилик маҳсулотларимиз ҳам намойиш этиляпти.
Саноат соҳаси, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар, шунингдек, фермер ва ҳунармандлар ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб Умринисо Юсупова, “Саноат йўналишида йилнинг энг яхши тадбиркори” деб “Mubaro” оилавий корхонаси, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” деб Мунира Шагдарова ҳамда “Йилнинг энг яхши фермери” деб “Ўткирбек Диёрбек даласи” фермер хўжалиги ғолиб, деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Энди улар танловнинг вилоят босқичида иштирок этишади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.