ҚИШ – ХАВФСИЗ ЎТСИН
23-умумтаълим мактабининг фаоллар залида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан куз-қиш мавсумига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарда нафақат куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, балки йил давомида техноген, табиий ва экологик тусдаги вазиятлар пайтида нималарга эътибор қаратиш, шундай вазиятлар вужудга келгудек бўлса фуқаролар томонидан амалга ошириладиган бирламчи чоралар тўғрисида мутахассислар томонидан иштирокчиларга тўлиқ ва аниқ тушунчалар ҳамда кўрсатмалар берилди.
Семинарда сўзга чиққан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Азиз Очилов “Бир кишининг ҳаётини сақлаб қолиш дунёни сақлаб қолиш билан баробар” эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у иштирокчиларга иссиқ кунлар ортда қолиб, қиш-қировли кунлар яқинлашаётганлиги муносабати билан тумандаги барча хонадонларда хона ҳароратини меъёр ҳолатда сақлаш учун иситиш печларидан фойдаланиш чоғида белгиланган барча меъёрий талабларга амал қилиш лозимлиги хусусида сўз юритди.
А. Очилов тумандаги айрим хонадонларда фуқароларнинг белгиланган санитария талабларига риоя қилмасликлари натижасида озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатлари ҳам юзага келаётганлиги, “қутуриш”, “сибирская язва”, “ботулизм” каби хавфли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар берди ҳамда куз-қиш мавсумида аҳоли томонидан иситиш печларидан фойдаланиш чоғида эҳтиётсизлик оқибатида газ, кўмир ва ўтин ёқилиши натижасида содир этиладиган нохуш ҳолатларнинг барвақт олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ҳам фикр билдирди.
Семинарда иштирок этган фуқаролар томонидан берилган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан тўлиқ ва батафсил жавоблар қайтарилди.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ.