Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган семинарда туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, ДСЭНМ ходимлари, МТМ мудиралари, коллежнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Умид Ҳайдаров “Озиқ-овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш” ҳақида маъруза қилди.
Маърузачи статистик маълумотлар ва ўтган давр мобайнида қайд этилган ҳолатлар таҳлилига қараганда вилоятимиз аҳолиси ўртасида овқатдан заҳарланиш, ботулизм касаллиги бўйича нобарқарор вазият сақланиб қолаётганлигини таъкидлаб ўтди. Жойларда олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан оддий фуқаролар ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Жорий йилнинг 9 ойида қайд этилган 3 та ҳолатда жами 16 нафар фуқаро овқатдан заҳарланиш ёки ботулизм ташхиси билан шифоханаларда даволаниб чиққан. Хусусан, жорий йилнинг 29 сентябр куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида қайд этилган оммавий овқатдан заҳарланиш натижасида 23 нафар фуқаро шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолатлар лицензияга эга бўлмаган “учар тадбиркорлар” томонидан уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган ва тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларининг оммавий овқатланишга алоқаси бўлмаган жойларда, савдо нуқталари ва бозорларда сотилишига йўл қўйилаётгани, шунингдек аҳолининг санитария маданияти етарлича шаклланмаганлиги сабабли келиб чиқмоқда. Ботулизм касаллигининг хавфи катталиги боис, унинг олдини олиш учун уй шароитида сабзавот ва бошқа нарсалардан консерва маҳсулотлари тайёрламаслик, савдо шахобчаларидан консерваланган маҳсулотлар харид қилишда уларнинг сифат сертификатини суриштириш, фақат завод ва цехларда тайёрланган ҳамда сифати кафолатланган консерва маҳсулотларини сотиб олиш керак. Қопқоғи кўтарилган, ичидаги маҳсулотларининг кўриниши ўзгарган ва суви лойқаланган консерва банкаларини сотиб олиш ва очиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Уй шароитида сифатсиз тайёрланган консерва маҳсулотлари ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.
Семинар иштирокчиларига мавзуга оид эслатма буклетлар тарқатилди. Шунингдек, яроқсиз консервалар ва озиқ-овқатларнинг электрон шакллари тақдим этилди, бундан ташқари мавзуга оид видеороликлар намойиш этилди.
Семинарда иштирок этган туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Ғ. Шаманов, ДСЭНМ бош шифокори А. Умматов, туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори И. Ҳамроевлар ҳам озиқ-овқатлардан заҳарланишнинг олдини олиш тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзуга оид кўплаб саволларига тегишли жавоблар олдилар.
Раббим ҲОТАМОВ,
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.
Суратда: вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Умид Ҳайдаров семинар иштрокчилари билан суҳбатда.