Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб, “Диёр” ўйингоҳида туманимиз аҳлининг тинчлик, осойишталик, фаровонлик ҳамда ютуқларга бой ҳаёти йўғрилган байрам сайли ўтказилди.
Дастлаб, туман ҳокими Б.Баҳромов сўзга чиқиб, туманимиз аҳолисига байрам табригини йўллади. Йил давомида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқларни мамнуният билан эътироф этди. Жумладан, қишлоқ хўжалигида деҳқонларимиз томонидан мўл ғалла, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилганлиги, қурилиш ва бунёдкорлик соҳасида янги ташкил этилган ишлаб чиқариш обьектлари, намунавий лойиҳа асосида қуриб фойдаланишга топширилаётган арзон уй-жойлар хусусида гапирди.
Шунингдек, таълим, фан, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар, ютуқлар борасида илиқ фикрлар билдирилди. Давлатимиз томонидан мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, уларда тарбияланаётган ва таълим олаётган ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, қулайликлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун имконият эшиклари очиб берилаётгани борасида айтиб ўтилди. Айниқса, туманимиздан етишиб чиққан спортчи Мўминжон Абдуллаевнинг яқинда Индонезияда ўтказилган “Jakarta – 2018” Осиё ўйинларида муносиб қатнашиб, “Yunon-rum” кураши бўйича энг оғир вазнда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медаль соҳиби бўлгани алоҳида тилга олинди. Бу улкан ғалаба тумандошларимиз учун юксак шараф ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйига туҳфа бўлгани, айниқса, қувонарли ҳол экани таъкидланди.
Ана шундай ютуқ ва марраларни забт этиб келаётган ёшлар, уларнинг устоз ва мураббийлари, оила аъзоларига туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Шундан сўнг, байрам тадбири очиқ, деб эълон қилиниб, туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг хушовоз хонандалари, “Соҳибкор” Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг “Чавқи” этнографик ансамбли томонидан тайёрланган миллий рақс, куй-қўшиқларга навбат берилди. 9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳам фаол иштирок этишиб, турли чиқишлари билан тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди. Улар томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқларда миллийлик, шукроналик, тинчлик, Ватан мадҳи ва ютуқлар намойиши сингдирилгани билан барчага илиқлик бағш этди.
Шунингдек, тадбирда ташкил этилган мактаб ярмаркаси, спорт мактабларида тарбияланаётган ёш ва ҳаваскор спортчиларимизнинг чиқишлари, фермер-деҳқон ва тадбиркорлар томонидан ташкиллаштирилган қишлоқ хўжалик ва боғдорчилик маҳсулотлари намойиши сайлнинг кўркига-кўрк қўшиб, ўзгача руҳ бағишлади.
Мустақиллигимизнинг 27 йиллик шодиёнасига бағишлаб ўтказилган байрам тадбири қувонарли, эсда қоларли сайл – шодлик, хурсандчилик ва таассуротларга бой бўлди!
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.