Шу мавзусидаги очиқ халқ миллий ўйинлари фестивали Соҳибкор маҳалласида бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан байрамона безатилган Соҳибкор маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳовлисида янграётган карнай-сурнай садолари аҳолини Фестивалга чорлади. Миллий ўйинлар суратлари туширилган катта банер-саҳнада туман маданият уйи ходимлари ижросидаги миллий куй ва қўшиқлар янгради. Фестивал ташкилотчилари гуруҳи раҳбари, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Бекзод Ильчиев тадбир штирокчиларини қизғин табриклаб, фестивални очиқ деб эълон қилди.
Фестивалда Каптархона, Қирқшоди, Соболоқ, Чўянтепа, Сарқипчоқ, Нурли йўл, Бўдана, Соҳибкор, Янгиариқ, Меҳржон маҳаллалари ёшлари иштирокида “Эшак минди”, “Лой панқиллоқ”, “Ёнғоқ”, “Қумтака”, “Ланка тепиш”, “Ҳаппак“, “Қулоқ чўзма”, “Тапрон”, “Беш тош”, “Чиллик” каби миллий ўйинлар намойиш этилди. Навоий, Бухоро, Жиззах вилоятларида ўтказилган Республика халқ ўйинлари фестивалида муваффақиятли қатнашиб келган, туманимиз фахри бўлган “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли миллий қўшиқлар оҳангида миллий халқ ўйинларини намойиш этди. Фестивал давомида Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ва 5-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан чизилган расмлар, қўлда тўқилган буюмлар кўргазмаси тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Тадбирда иштирок этган 11-МТМ тарияланувчилари ўзларининг чиройли рақслари билан иштирокчилар олқишига сазавор бўлдилар.
- Бундай фестивални ўтказишдан асосий мақсад ғолибларни аниқлаш эмас, - дейди Миллий халқ ўйинлари федерацияси котиби, “Шуҳрат” медали соҳиби Эшбек Намуратов. - Балки, ота-боболаримз удуми бўлган миллий халқ ўйинларини қайта оммалаштиришдан иборатдир. Алпомишдек ўғилларни, Тўмарис ва Барчинойдек қизларни вояга етказган халқимизнинг кўплаб халқ ўйинлари борки, болаларга сергаклик, собитлик, фикрлаш, интизом, ғалабага бўлган ишонч туйғуларини ҳамда баданнинг барча мушакларини чиниқтиришга хизмат қилиб келган. Натижада, фарзандларимиз соғлом, жамоага бириккан, ўз қишлоғи, уруғи, демакки Ватани шаъни учун курашадиган толмас, мард ўғил-қизлар бўлиб вояга етишган. Ушбу ўйинларни сақлаб қолиш, авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиздир.
Тадбирда сўзга чиққан туман халқ ўйинлари федерацияси раиси, туман маданият бўлими мудири А. Исоқов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг диний-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси С. Жўраева, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О. Сатторов, “Миллий тикланиш” демократик партияси туман бўлими раиси А. Шокировлар миллий халқ ўйинларининг ўзига хос фазилатлари ҳақида гапириб бердилар.
Фестивал сўнггида бир қатор иқтидорли ёшларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари, китоблар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Раббим ҲОТАМОВ.