ЭЪЗОЗ КЎРСАТИЛДИ
Булунғур МФЙ фаоллари ташаббуси билан “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан кўп йиллар давомида ёш авлодга таълим-тарбия берган кекса ва бемор ўқитувчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари улашилди.
- Камтарин меҳнатимизни эсга олиб, ҳурмат қилиб келганларингиздан бениҳоя хурсанд бўлдим, - дейди Спитамен кўчасидаги 65-уйда яшовчи Саодат Ибодуллаева.
- Сизлардан сал олдин биринчи шогирдларим ҳам келишиб, байрам билан табриклаб кетишди. Бундай бахтли замонда яшаётганимдан бахтиёрман.
- Тўғрисини айтсам, сизларни кўриб кўзимга севинч ёшлари келди, - дейди кекса муаллима Холиса Турдиева. - Бундай илтифотни кутмаган эдим. Мана шундай ажойиб замонимизга кўз тегмасин. Биз кекса ўқитувчиларни эъзозлаб келганларингиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.
Меҳридарё ўқитувчи-устозларга байрам совғаларини Булунғур МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Лола Аширова маҳалла котибаси Марғуба Темирова билан бирга топширдилар.
ЯХШИ ОИЛА - ҲАЁТ КЎЗГУСИ
- Яқинда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасининг махсус ўқув курсида вилоятимизнинг ҳамма туманларидан келган 56 нафар хотин-қиз мутахассислар қатори шу курсда ўқиб келдим, - дейди Булунғур МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Лола Аширова. - Ўқиш давомида курс раҳбарлари Зебунисо Шодиева, Муҳиба Бобоқуловалар “Яхши оила - ҳаёт кўзгуси”, “Қайнона келин муносабатлари”, ”Ажралишларнинг олдини олиш”, “Ёш қизларни эрта турмушга беришнинг аянчли оқибатлари”, “Қайнонам - онам, келиним - жоним болам” , “Чет элларга иш излаб кетган хотин-қизларнинг аянчли аҳволлари”, “Мактаб ва коллеж ўқувчи қизларини доимий назорат қилиш асосий вазифаларимиздан бири” каби мавзуларидаги ҳаётий суҳбатларидан баҳраманд бўлдим.
Курсда олган билимларим асосида маҳалламиз хотин-қизлари билан мазмунли суҳбатлар ўтказаяпман. Шу суҳбатим натижасида хотин-қизларимиз жуда кўп фойдали нарсаларни билиб олдилар.
Раббим ҲОТАМОВ.