Кўкси олов, тани оташ эр йигит,
Ватан дея жондан кечган шер йигит.
Бўрондай чапани, нигоҳи бургут,
Мардликни танига жо қилган акам.
Ғайратжон МАДРАҲИМОВ
(Маъруфжон РАЖАБОВнинг қуролдош дўсти)
Шакарбону онанинг юзига зимдан разм соламиз. Юзларига ажин тушган, сочларига оқ оралаган. Нигоҳи ва кўз қарашларида эса жондан азиз фарзандини қаро ерга қўйганлиги учун афсус ва надомат эмас, мард ўғлонни тарбиялаб вояга етказганлиги, ўғли юрт корига яраганлиги, сарҳадларимиз хавфсизлиги йўлида,она Ватани тинчлиги ва келажаги учун жон фидо қилганлиги учун фахр туйғуси билан яшаётганлигини уқиш мумкин.
Онахон ҳам бошқа оналар қатори фарзандининг камолини кўриш, тўйлар қилиб, неваралар суйишга тўла ҳақли эди. “Ўғлим ҳарбий хизматни ўтаб қайтса келин тушириб, тўйини кўрсам”, деб ният қилган эди. Ҳатто, бўлажак келинга деб янги кўрпа-ёстиқлар ҳам тайёрлаб қўйганди. Ўзининг ҳам, ўғлининг ҳам орзулари кўп эди...
Маъруфжонга спортнинг кураш турига қизиқиши ёшлигидаёқ акаси Тўлқиндан ўтган бўлса ажабмас. Сабаби, ҳали у мактабга бормасидан бурун акаси спортнинг кураш тури тўгарагига қатнашар, мусобақалардан совғалар ва фахрий ёрлиқлар олиб келарди. Ёш йигитча эса бу эсдалик совғаларга ҳавас билан боқар, келгусида ўзи ҳам акаси қатори спорт устаси бўлишга орзуманд эди. Маъруфжон мактабга борганидан сўнг дарҳол мактабдаги кураш тўгарагига аъзо бўлди. Ёшлигидан бир мақсад сари дадил қадам ташлайдиган, тиришқоқ, чайир ва чаққон эди. Ундаги бу хислатларни дарҳол илғаган устози ҳамда тоғаси, шу мактабнинг жисмоний тарбия ва ҳарбий таълимдан дарс берувчи ўқитувчиси Умар ака Ҳамралиев унга алоҳида эътибор қарата бошлади.
- Жиянларим Тўлқин ва Маъруфжонлар мактабда таълимни яхши ўзлаштиришлари баробарида спорт тўгарагининг эркин кураш турида фаол иштирок этишарди, - дейди У. Ҳамралиев. - Айниқса, Маъруфжон жияним бошқа болаларга қараганда ниҳоятда шижоатли, уддабурон ва абжирлиги билан ажралиб турарди. Мактабимизни аъло баҳолар билан тугаллаб, Самарқанд шаҳридаги физкультура ва спорт техникумида ўқишни давом эттирди. Мен жиянларим Ватанимизнинг асл фарзандлари эканлиги билан фахрланаман.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Маъруфжон илмга ва спортга қизиқиши юқори бўлганлиги боис ҳам спортнинг эркин кураш тури бўйича машғулотлар ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, бир қатор ютуқларни қўлга кирита борди. У ҳарбий хизматга боргунига қадар эркин кураш бўйича спорт усталигига номзод даражасига эришди.
- Бир куни туманимиз марказий стадионида кураш бўйича вилоят босқичи ўтказилаётган эди, - дея хотирлайди спорт мактаби мураббийси, “юнон рум” кураши бўйича мамлакат чемпиони Раббим Ташанов. - Вилоятнинг бошқа туманидан келиб иштирок этаётган бир курашчи йигит барча курашчиларнинг курагини ерга теккизиб, ғолиб бўлди. Даврани олиб бораётган ҳакам яна талабгорлар бўлса ўртага тушиши мумкинлигини айтди. Шунда 7-синф ўқувчиси, шогирдим Маъруфжон Ражабов ўртага чиқди. Бўй-басти, жуссаси анча паст бўлишига қарамасдан Маъруфжон биринчи курашдаёқ шеригининг курагини ерга теккизди. Барча қатнашичи ва томошабинлар бирваракайига қарсак чалиб ғолибни олқишлашди. Мағлуб бўлган йигит ҳам, мусобақани кузатиб турган ўша пайтдаги туман ҳокими ҳам келиб Маъруфжонни ғолиблик билан қутлади. Спортнинг ушбу тури бўйича келгусида бунданда юқори натижаларга эришишини тилаб, диплом ва эсдалик совғаларини топширди.
Маъруфжон техникумни аъло баҳолар билан тугаллаб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга отланди. Хизмат давомида у жисмонан соғлом ва бақувват бўлганлиги ҳамда қўл жанги бўйича анчагина тажрибага эга бўлганлиги боис аскарларга ушбу тур бўйича устозлик қила бошлади. Хизмат даврида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан юзма-юз учрашишга мушарраф бўлди ва у кишининг шарофати билан бутун бир десантчилар гуруҳи “Махсус бўлинма”га ўтказилди. Катта сержант Маъруфжон Ражабов хизматдош дўстлари Сайёр Садинов ва Улуғбек Барноевлар билан бир неча маротаба бир қанча хориж давлатларидаги ҳарбий операцияларда ва Америка Қўшма Штатларининг ҳарбийлари билан қўшма машғулотларда иштирок этиб, ҳарбий тажрибаларини янада оширишга эришдилар.
2000 йил 4 август. Юртимизга Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги тоғли ҳуддлар орқали бир гуруҳ террорчилар сарҳадларимиз чегараларини бузиб ўтишгани ҳақида нохуш хабар келиши биланоқ Маъруфжон Ражабов хизмат қилаётган гуруҳ аъзолари биринчилардан бўлиб Ватан, юрт ҳимояси учун отланишди. Душман билан кечган қақшатқич жангларда олдинги сафларда борётган гуруҳ бошлиғи, катта сержант Маъруфжон Ражабов душман ўқига дуч келиб, бир неча жойидан яраланган бўлса-да олдинга қараб интилиб, охирги томчи қони қолгунча душман билан олишиб, жанг майдонида мардларча, қаҳрамонона жон таслим қилди.
Ўнта бўлса ўрни бўлак, дейди халқимиз. Маъруфжон ҳам Аҳмаджон аканинг ҳамда меҳрибон Шакарбону онанинг суюкли фарзанди, суянган тоғи, ишонган боғи эди.
Одам ютиб қаро ер,
Тўймасми-ей, тўймасми?
Ёш жонингга қасд қилганлар,
Ёвлар ўлса бўлмасми?...
* * *
“9 май - Хотира ва Қадрлаш куни” арафасида мард ўғлон Маъруфжон Ражабовнинг волидаи муҳтарамалари Шакарбону она Ғофуровага республика Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган 2.000.000 сўм пулни туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, капитан Маъмиржон Тўйчиев, туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Илъчиев ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши вакиллари иштирокида тантанали равишда топширишди.
Одил ҲУСАНОВ,
меҳнат фахрийси.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти” мухбири.