43-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Зариф Ҳайдаров ёшлигидан спортнинг волейбол турига меҳр қўйди. У 5-синфдан бошлаб волейбол билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, Зарифнинг устози Бобур Нишоновдан волейбол ўйнашнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганди. Мактаб жамоасида энг моҳир волейболчи сифатида мактаблараро мусобақаларда тобланди.
Мутахассислар эътиборига тушган моҳир волейболчи вилоят терма жамоасига қабул қилинди. У 2 йилдан буён туманимиз ва вилоятимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Яқинда, Самарқанд шаҳрида мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган Республика очиқ чепионати бўлиб ўтди. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар спортчилари ҳамда мусобақа меҳмони бўлган Қозоғистон Республикасининг2001-2003-йилларда туғилган ўғил болалари ўзаро мусобақалашдилар. Мусобақа давомида ишқибозлар олқишига сазовор бўлиб, ўзларининг чиройли ўйинлари билан ҳамма тенгқурларини доғда қолдирган “Самарқанд” терма жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бу ғалабага туманимиз ва 43-умумтаълим мактабининг фахри бўлган ёш волейболчи Зариф Ҳайдаров ҳам муносиб ҳисса қўшди.
- Финал учрашувида “Андижон” терма жамоаси билан беллашдик, - дейди Зариф Ҳайдаров. - Тенгдош рақибларимиз, андижонлик волейболчилар устидан 3:0 ҳисобида соф ғалаба қозондик. Мусобақа сўнггида совриндор жамоаларнинг волейболчиларига ҳамда фаол спортчиларга мусобақа ташкилотчиларининг эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар, дипломлар ҳамда Биринчи Президентимиз сурати туширилган медаллар тантанали равишда топширилди.
Зариф Ҳайдаровнинг вилоятимиз терма жамоасига қўшган улкан ҳиссаси 43- умумтаълим мактабида кенг нишонланди. Маҳоратли спортчини бу ютуғи билан синфдошлари, мактабдошлари, устозлари, мактаб Ёшлар Иттифоқи етакчилари қизғин табриклашди.
– Мактабимизда спортнинг 5 та тури бўйича тўгараклар мунтазам ишлаб турибди, - дейди 43-умумтаълим мактабининг маданий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Асрор Эргашев. - Футбол, волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси каби тўгаракларда 140 нафардан ортиқ ўқувчилар ўзлари севган спорт турлари билан мунтазам шуғулланишмоқда. Шундан 60 нафари ўқувчи қизлардан иборат. Спортчиларимиз ўз маҳоратларини ошириш мақсадида қўшни 12, 45, 37-умумтаълим мактаблари спортчилари билан тез-тез ўртоқлик учрашувлари ўтказиб туришади. Шу сабабдан туман миқёсида ўтадиган ҳамма мусобақаларнинг доимий иштирокчисимиз.
Мактабнинг енгил атлетикачилари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида туман марказида бўлиб ўтган марофонда муваффақиятли иштирок этишиб, маррага биринчилардан бўлиб етиб келишди. Асқар Мустафоқулов, Зоҳид Мелибоев, Тоҳир Маматов, Умиджон Раббимқулов, Динора Норбоева кабикелажаги порлоқ ёш спортчилар мактабифтихорига айланишган. Мактаб жамоаси бу спортчилари билан ҳақли равишда фахрланади.
Мактаб ёш спортчилари айни кунларда “Умид ниҳоллари” мусобоқаларига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: Зариф Ҳайдаровни устозлари - мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Асрор Эргашев ва Ёшлар етакчиси Уйғун Маматмуродовлар самимий қутлашмода.