Математика фанининг фидойиси, олий тоифали ўқитувчи Абдулла Маматқулов 22-умумтаълим мактабида 37 йилдан буён ёш авлодга сабоқ бериб келаяпти. У ёзги таътил чоғида ҳам дарсдан ташқари фан тўгаракларида математикага ихлос қўйган ўқувчилар билан алоҳида шуғулланиб, уларга математика фани сирларини қунт билан ўргатаётир. Шу боис ўқувчилари туман ва вилоят, Республика ва Халқаро фан олимпиадаларида доимий иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритмоқдалар.
Иқтидорли ўқувчиларидан Шаҳноза Очилова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазавор бўлди. Сардор Саитқулов Корея давлатида математика фани бўйича ўқувчилар ўртасида ўтказилган Халқаро олимпиадада кумуш медаль билан тақдирланди. Худоёр Мамаражабов Россияда бўлиб ўтган Халқаро университетлар талабалари ўртасида ўтказилган математиклар фан олимпиадасида олтин медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, Абдулла муаллимнинг жуда кўплаб шогирдлари устоз изидан бориб, турли соҳаларда юртимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.
Тиниб-тинчимас, янгиликка ўч, ташаббускор Абдулла муаллим 2016 йилда янги ташаббус билан чиқиб, математика фанига ихлосманд ўқувчилар учун ёзги таътилда 2 ойлик ўқув курсини ташкиллаштирди. Абдулла муаллимнинг бу ишлари туман ва вилоятда кенг оммалаштирилиб, республика “Маърифат” газетасида ҳам кенг ёритилди.
- Бу ўқув курсини ташкил этишдан асосий мақсад, - дейди Абдулла муаллим, - ёзги ўқувчилар таътилидан унумли файдаланиш, ёшларимизни аниқ мақсад сари йўналтиришдан иборат. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида математика фанига қизуқувчан, иқтидорли ўқувчилар учун 2 ойлик ўқув курсини ташкиллаштирдик.
Курсда туманимиз мактаб ўқувчиларидан ташқари қўшни Жомбой, Бахмал ҳамда Самарқанд шаҳрида таълим-тарбия олаётган 4-синфдан 11-синфгача бўлган 50 нафар иқтидорли ўқувчилар математика фанининг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганиш билан бирга турли хил математик ўйинлардан ҳам баҳраманд бўлдилар.
- Математика жуда ҳам қизиқарли фан экан, - дейди Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Замира Ўктамова. - Мени бу ерга бобом Темур Соипов етаклаб келдилар. Ўқиш давомида математик ўйинлар туфайли бирор марта ҳам зерикишни билмадик. Иложи бўлса шу ўқишимиз йил давомида бўлса эди...
Ўқув курси якунида ота-оналар ва ўқувчиларни бу ерга бошлаб келган акалар, холалар, амаки ва тоғалар ҳамда курс битирувчилари билан ҳамкорликда тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан ота-оналардан А. Жабборов, Х. Раҳимова, У. Усанова, Р. Хўжановлар ўқув курси ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларга ташкилотчиларнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари улашилди, ота-оналарга “Раҳматнома”лар топширилди.
Раббим ҲОТАМОВ.