УЧАР ОДАМСОТАРЛАР
“Эҳтиёт бўлинг, улар одам сотарлар”. Бу гап бугунги кунда деярли барчага ёд бўлиб кетган. Одам савдосига қарши курашиш бугуннинг долзарб мавзуси. Шу боис, бундай жирканч иллатга қарши барча бирдек кураш олиб бориши ҳамда инсонларни огоҳликка, ҳушёрликка чорловчи бундай даъватлар, шиорлар барча кўринарли жойларга илиб қўйилган. Шундай бўлсада, баъзи содда фуқароларимиз ишонувчанлиги боис ҳамда чет мамлакатларга бориб тезда бойиб кетишни истовчи кишилар ана шундай “учар одам сотарлар” домига илиниб қолишмоқда.
Каттақўрғон шаҳрида туғилган Клара Дильмурадова ва Самарқанд туманида туғилган Нилуфар Хусеновалар бир неча йиллардан буён Ҳиндистон давлати Деҳли шаҳрида яшаб, йиллар давомида фоҳишалик билан шуғулланиб келишган. Эндиликда улар алдов йўли орқали ёш, чиройли, нуқсонсиз қизларни моддий мақсадни кўзлаган ҳолда Ҳиндистон давлатида фоҳишалик билан шуғулланишга ва катта пул эвазига ҳинд фуқароларига фарзанд туғиб бериш шарти билан 2019 йил сентябрь ойидан буён Н. Хусенованинг Ҳиндистон рақамига очилган “NILU NANDINIJI” номли телеграмм ижтимоий тармоғи орқали юртимиздаги Ҳиндистонга бориш истагида бўлган қизлар билан гаплашиб, у ерда бир нечта қизлар фоҳишалик билан шуғулланиб келаётганлигини, агар келишса фоҳишаликдан тушган пулни элликка эллик қилиб бўлиш шарти билан қизларни таклиф этиш билан шуғулланган. Шунингдек, бу ерга келган қизларнинг ҳар бирига бошқа исм, яъни, “лақаб” қўйилиши ҳамда келишилган пулни ишлаб берганидан сўнг бойвачча ҳинд фуқароларидан бирига турмушга бериш таклифини билдиришган.
Комплекс тезкор профилактик тадбирда туман ИИБ ТЭҚКБ гуруҳи катта тезкор вакили, майор Қ. Қобилов, тезкор вакил катта лейтенант Д. Омонов, вилоят ИИБ ТЭҚКБ катта тезкор вакили, майор Т. Элибоевлар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда К. Дильмуродова ва Н. Хусеновалар навбатдаги қизларни Ҳиндистон давлатига кетиш учун “Тошкент – Деҳли” йўналишидаги самолётга билет олиб, мижозларни “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали олиб чиқиб кетмоқчи бўлган пайтда ИИБ ходимлари томонидан ушлаб қолинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Қаҳрамон ҚОБИЛОВ,
туман ИИБ ТЭҚКБ гуруҳи катта тезкор вакили, майор.