Давлатимиз томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ жорий йил бизнинг мактабимиз “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилиб, мукаммал таъмирланди.
784 ўринга мўлжалланган таълим масканимизда Самарқанд “Мансур сифат қурилиш” МЧЖ томонидан том қисмини қайта ёпиш, эшик-ромларни янгисига алмаштириш, пол қисмига ранг бериш ишлари бажарилди. Муассаса ҳудудини ўраб турган ташқи чегара девори, кириш йўлаги ўзгача кўриниш касб этди, қозонхоналар қурилди.
Муассасамизда 75 нафар педагог-ходимлар 887 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларимиз ҳам ҳашар уюштириб, қурилиш-таъмирлаш ишларида ўз ҳиссасини қўшишди. 27 та синфхона янги ўқув йилида дарс ўтиш учун тайёр ҳолатга келтирилиб, машғулотлар қизғин олиб бориляпти.
Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган шиор, тўрттала секторга тегишли паннолар ўрнатилди.
Қурилиш ишлари жорий йил 14 июнь санасидан бошлаган бўлиб, мактаб биноси янги, замонавий кўринишга эга бўлди. Лаборатория хоналари, ошхона, фаоллар зали ҳамда спорт зали шулар жумласидандир. 13 та қозонхона-иситиш тизими куз-қиш мавсумига тайёрланди. Кўмирхона, қоровулхона ҳам тартибга келтирилди.
Бу каби ишларнинг амалга оширилганидан ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам мамнун бўлишди.
Бизни қувонтирган яна бир жиҳат шу бўлдики,Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.Ўқитувчиларнинг ойлик маошларини кўтариш ҳақида Халқ таълим вазирлиги томонидан маълум қилинганда таълим соҳасида меҳнат қилиб келаётган барча ходимлар учун янгилик бўлди. Шу ўринда бизнинг мактабимизда ишловчи педагоглар, фан ўқитувчилари, кутубхона ходимлари ҳам бундай эътибордан руҳланиб кетишди. Эндиликда, мажбурий меҳнат, турли ҳашарларда иштирок этишимиз ҳам чекланди. Буларнинг барчаси таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади, албатта. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бу каби имкониятлардан бошимиз кўкка етди. Мактабимиз жамоаси номидан Юртбошимизга миннатдорчилик изҳор этган ҳолда бор куч-ғайратимиз, билимимизни ёш авлодга янада самарали таълим-тарбия беришга қаратамиз.
Замира ҚОДИРОВА,
3-умумтаълим мактаби директори.