Оила - жамиятнинг энг асосий бўғини. Оилада туғиламиз, тарбияланамиз, таълим оламиз, мустақил ҳаётга учирма бўламиз. Турмуш қурамиз, кейинчалик шу оиланинг таркибий қисмидан ажралиб, янги оила сифатида ўз оиламизни қурамиз. У ўзлигимизни танийдиган энг муқаддас маскан ҳисобланади.
Хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар жараёнида шундай муаммоларга дуч келяпмизки, фарзандларда ота-онага нисбатан меҳр-муҳаббат туйғулари йўқолиб бораётганлиги кўзга ташланмоқда.
Ўзбек халқи жаҳонда меҳмондўст, меҳр-мурувватли миллат ҳисобланади. Афсуски… йиллар ўтган сайин ана шу туйғу айрим инсонларда йўқолиб боряпти. Отанинг боласини уриб-уришиши, тартибга чақириши табиий ҳол саналиб, бу тарбия воситаси бўлган. Лекин… боланинг отага қўл кўтариши-чи? Ижтимоий тармоқларни очсангиз бундай ҳолатларни кўриб вужудингиз қалтираб кетади. Хўш... ҳамма ҳам шундаймикин? Бундай ҳолларга шунчаки янгиликдай қараб, бу ҳақда ёзилганларни ўқиб, видеоларини маза қилиб кўрадиган инсонлар ҳам талайгина.
Ота-она фарзандини қанчалик меҳр билан тарбия қилади, унга бор-будини сарфлайди. Ўзи оч қолса қоладики, топган нарсасини боласига илинади. Аммо, фарзанд вояга етиб, кучга тўлгандан кейин отага қўл кўтариши… бу ҳолатни аҳли башар лаънатлайди. Тарихда падаркуш бўлганларни қандай қисмат ўз комига тортган? Косаси оқармаган, хор-зорликда дунёдан ўтиб кетишган. Шундай воқеа-ҳодисаларни эшита туриб ўша қисматни ўзига раво кўрган ҳозирги айрим ёшларни ким деб аташ керак? Халқимизда “Отанг тентак бўлса, боғлаб боқ” деган мақол бор. Биз эшитганмиз, кўрганмиз, худонинг каромати билан ақлида қусури бўлган ота-оналарни уйда боқишган, то худо ўз даргоҳига чақириб олгунича уни фарзандлик бурчини бажариб, оқ ювиб, оқ тараб, тарбия қилиб ўтирганлар. Ота-онасининг дуосини олишган. Биз қачон бунчалик тубанлашиб кетдик, ота-болага, ака-укага, опа-сингилга, келин-қайнонага қўл кўтариши… Бу бизнинг миллатимизнинг меҳрсизлик таназзулига учраши эмасми?
Отага қўл кўтардингми, бу ҳолат вақт ўтиб, албатта ўз фарзандингдан қайтиши табиий. Чунки, ўша боланг сенинг ҳамма хислату-нуқсонларингни кўриб улғаяди. Демак, мен ҳам шундай бўлишим керак, деган фикр билан вояга етади. Сен унга намунасан, яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам.
Иш фаолиятим жараёнида шунга амин бўлдимки, тўкис оилада туғилиб ўсган фарзандларга нисбатан болалар уйида тарбияланган болалар ўртасида фарқ бўлади. Улар ота-она меҳрини кўрмай ўсган, шунга яраша меҳр ҳам беролмайди. Она сутини ичмай катта бўлганлиги ҳам меҳрсиз бўлиб ўсишига омил бўлади. Она сутидан болага меҳр-муҳаббат оқиб ўтади. Шунинг учун ёш оналарга иложининг борича “фарзандингизни кўкрак сути билан улғайтиринглар”, деб маслаҳат бераман. Келажакда унинг ҳосиласи ўзингизга қайтади. Кўкрак сути билан катта бўлмаган фарзандлар ҳам меҳрибонлик уйида тарбияланган боладан фарқи қолмайди. Ота-онага меҳр беролмайди, бори ҳам саноқли.
Ҳозирги ёшлар яна бир нарсани ота-онасидан талаб қилишадики, тўкис уй-жой, машинаси бор ота-оналар яхши ота-она. Сал бундайроқ, қўли калтароқлари яхши ота-она эмас, деб қарашлар ҳам мавжуд. Ота-онанг сени ўстирди, катта қилди, уйлантириб ҳам қўйди. Эндиям ота-онангга осиласанми, нодон?! Оёқ-қўлинг бут, ақлинг жойида, нима учун оиланг эҳтиёжини қондиролмайсан? Баҳона тайёр - иш йўқ. Бу баҳона бўлолмайди, хоҳиш бўлса меҳнат қилишга имкон бор.
Бизда 15 сотих ери бор одам камбағал, чорасиз одам ҳисобланмайди. Фақат меҳнат қилиш керак. Эй ёш инсон! Ер сени боқади, кийинтиради. Ерга меҳр бериб, уни парвариш қил. Қани сенда йигитлик ғурури, буёғига ўзингни эпла, шундайига ҳам ота-онанг сени кўчага чиқариб қўймайди. Сен 18 ёшга етгунингча ота-онанг сени боқишга, қарашга мажбур. Вояга етдингми, сен ҳаракатингни қил.
Қишлоқ шароитида катта-катта ерлари бор, унга ишлов бериб, даромад қилишга шароити бор, лекин меҳнат қилмайди. Оқбилак ойимдай узун кириб, узун чиқиб юраверади. Ерга раҳминг келади, қаровсиз, тиканак босиб ётади. Лекин… ер талашиш деса, мерос деса ўзини томдан ташлайдиганлар ҳам бор.
Мерос тушунчаси... яқинда газетада ўқиб қолдим “Самарқанд шаҳридан 2004 йил вафот этган ...нинг мерос иши кўриб чиқилади”, деган эълонга кўзим тушди. Демак, меросхўрлар ўз улушларини бўлиб олишади, қонун нуқтаи-назардан. Лекин, бизда тирик турган отадан мерос талаб қиладиганлар топилади. Ота тирик, у ҳали ўзининг номидаги мол-мулкини мендан кейин талашмасин, деган мақсадда бўлиб бериши мумкин. Хоҳласа сотади, хоҳласа бўлиб беради, бу унинг хоҳиши. Ҳеч қачон сен унга тазйиқ ўтказиб, тортиб ололмайсан. Сен отангнинг дуосини ол, хизматини қил, майли, у сенга данғиллама иморат қуриб, машина олиб беролмагандир. Лекин, сенларни дунёга келтирди, вояга етказди, уйли-жойли қилди. Яшайдиган бошпананг бор. Қолгани сенинг гарданингда, сен уни меҳнатинг билан ё гуллаб-яшнатасан, ёки танбаллигинг билан борини йўқ қилиб, хароб аҳволга соласан. Отасидан меросга ҳатто ер ҳам қолмаган инсонлар бор. Улар осмонга қараб ўтириши керакми? Қачон осмондан чалпак ёғаркин деб. Йўқ, ҳаракат қилишяпти. Йўқдан бор қилишяпти.
Оталари болалигида вафот этиб кетишган бир нечта танишларни, маҳалладош йигитларни ўзимча таҳлил қиламан. Онаси ҳам ота, ҳам она бўлиб уларни ўстирди, улғайтирди, имкон даражасида уйлантирди. Фарзандлар онасининг қаддини кўтариб, фермерлик, тадбиркорлик қилишяпти. Янги иш ўринлари очишяпти, ҳалол ризқ билан оиласини боқяпти, элга фойдаси тегаяпти. Ана шундай йигитларни кўриб, албатта “Отангга раҳмат”, дейсан беихтиёр. Уларнинг оиласида ҳам тинчлик, ҳам фаровонлик. Чунки, улар меҳнатнинг ширин нонини еб катта бўлишган, болалигида қийинчиликларга дуч келган. Ахир, битта она ҳаммасини ҳар доим ҳам бадастир қилиб қўёлмайди. Фарзандлар ёшлигидан меҳнатга бўйин қўйиб ўсган, онасининг оғирини енгил қилгиси келган. Тезроқ улғайсаму онамни шу қийинчиликлардан қутқарсам, деб ният қилишган. Мана, ниятлари ижобат бўлиб, оналари ҳузурини кўришяпти.
Болани ёшлигидан меҳнатга ўргатмай, катта-катта пул, қимматбаҳо кийим-кечаклар олиб бериб талтайтирганлар минг бор пушаймон. Энди меҳнатга кучи етмайди. Боласи катта бўлди, у ялқов, аввалги вақтларини қўмсайди, меҳнат қилгиси келмайди. Ота-онадан пул талаб қилади. Мана, эркатой қилиб фарзанд ўстиришнинг натижаси.
Оилавий низоларни таҳлил қилар экансан, буларнинг биронтасида жанжаллашишга арзийдиган ҳолатни учратмайсан. Арзимаган буюм ёки нарса учун катта муаммо қилишади. Бир томон салгина ён бериб, бир оғиз гапдан қолса олам гулистон. Йўқ, айниқса ёшларимиз беандиша бўлиб кетишяпти. Бетингда кўзинг борми, демай сапчишади. Катталар гапирганда тинглаш деган нарса йўқ. Мулоҳаза қилиш деган гап йўқ. Буларнинг ҳаммасининг туб илдизи ўқимаганликда, саводсизликда. Мана шунақа ёшларнинг ичида бирортасининг газета ёки журнал ўқиганини учратмадим. Хонадонларда болалар дарслигидан ташқари бирорта китоб тополмайсан. Бу ота-оналарнинг фарзандлари эртага ким бўлади? Биз кимларнинг авлодимиз, биздан маънавият ўрганишган, маданият ўрганишган, илм-фан бобида етук, дунёга машҳур алломаларимиз билан фахрланамиз. Дунёни лол қолдирган Навоий, Улуғбек авлодларимиз, Нодирабегим, Зебунисобегим, Бибихонимдек тадбирли аёлларнинг аждодларимиз-а...
Келинларимиз тўй бўлаётганларида менга фалон нарсани олиб беринг, фистон нарсам кам, деб хархаша қилишгача боришади. Эртага мен ота-онамнинг юзини ерга қаратмайманми, уй юмушларини бажара олармиканман, уларнинг кўнглидан чиқармикинман, деб ўйламайди кўпчилиги. Иложи борича кўпроқ сеп қилса-ю, ҳаммани лол қолдирса… Сен сепинг билан эмас, одобинг билан, меҳнатинг билан, тарбиянг билан ҳаммани лол қилишинг керак аслида. Ўзи емай, киймай келин туширади, тўй қилади, бор дов-дастгоҳини келинга беради. Лекин, эпли келин бўлса, борини оширади. Эпсиз, отасининг уйида эркатой бўлиб ўсган бўлса сариштали қайнонанинг бор меҳнатини йўққа чиқаради. Боз устига тил бир қарич. Бир оғиз гапдан қолай демайди. Айримлари на қайнонани ҳурмат қилади, на каттани. Эртага буларнинг бариси ўзларингга қайтади. Вақт югурик, кўз очиб-юмгунча ўша ҳолат ўзингнинг бошингга тушади.
Азиз келинжонлар! Яхши қайнона бўлай десангиз, ҳозирдан тараддудингизни кўринг, яхши келин бўлинг!
Лола СУЛТОНОВА,
“Бўдана” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва
оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.