Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари республикамизнинг ҳамма жойларида, жумладан туманимизда ҳам кўзга ташланмоқда. Бу каби бунёдкорлик ишларида эса партиялар фаоллари, уларнинг электоратлари ва партиялардан сайланган депутатларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Юртимиздаги каби туманимизда юз бераётган ўзгаришларнинг ҳам катта ёки кичиги йўқ. Улкан ишларнинг ечими эса биз майда деб ҳисоблаган ишлардан бошланади.
Жорий йилда электоратимизнинг мурожаатларидан келиб чиқиб депутатларимиз ҳам бир қанча депутат сўровлари билан тегишли ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қилишди. Жумладан, депутат А. Азимов 3-сектор раҳбари, туман ИИБ раҳбарига Катта ўзбек трактининг тегишли жойларига светофор ўрнатишни сўраб депутат сўрови юборган эди. Унда қуйидаги фикр билдирилган:
- Техникалар ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлигини тартибга солиш мақсадида шаҳримиз ҳудудидан ўтувчи автомобиль трассасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Энди “Янгиобод” ва “Боғбон” МФЙларга олиб борувчи йўл кесишмаси (чорраҳа)да ҳамда 46-умумтаълим мактаби рўпарасида светофор ўрнатишга амалий ёрдам берсангиз.
Бу депутат сўровига туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, майор А. Турсунов томонидан берилган жавоб хатида эса бундай дейилган:
- Сизнинг “Депутат сўрови”нгизга жавоб сифатида шуни маълум қиламизки, кўрсатилган йўл кесишмаси ва 46-умумтаълим мактабининг ўқувчилар ўтиш жойига светофор ўрнатиш масаласи Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан кўриб чиқилганидан сўнг ҳал бўлади. Агар бу масала ижобий ечим топса Сизга бу ҳақда ёзма равишда маълум қиламиз.
Туманимиз халқининг талаб-эҳтиёжларини ўрганган депутатларимиз уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш учун ҳаракат қилишмоқда. Жумладан, депутат Ш. Пардаева ЎзТИФ Миллий банки туман филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи Б. Раджабов номига депутат сўрови юбориб, ишлаётган фуқароларга ойлик маошлар асосан пластик карточкаларда берилаётгани, бу эса кундалик эҳтиёжлар учун нақд пул етишмовчилигини келтириб чиқараётгани, бу муаммони ижобий ҳал этиш учун банкда банкоматлар ўрнатиш зарурлигини билдирган. Бу депутат сўровига берилган жавоб хати эса қуйидаги мазмунда:
- Сизнинг сўровингизга асосан шуни маълум қиламизки, ПҚ-3620 сонли қарорга асосан банкимизга банкомат қўйиш учун вилоятдаги раҳбар ташкилотга тегишли хат берилган. Ҳозирги кунда кундалик эҳтиёжлар учун пластик карточкалардан терминал орқали зарур миқдорда нақд пул берилмоқда.
Депутат С. Аллаёрова ҳам халқни қийнаётган муаммоларга ечим излаган ва 4-сектор бошлиғи К. Тенглашев нмига депутат сўрови юборган. Бу сўров хатида “Бешкуби” МФЙ ҳудудидаги йўллар нотекислиги, туман марказига автобус қатнови йўлга қўйилмаганлиги, кундалик эҳтиёжлар учун зарур суюлтирилган газ баллонлари таъминоти яхши эмаслиги билдирилиб, бу каби муаммоларга ечим топишда амалий ёрдам сўралган.
Ушбу депутат сўровига берилган жавоб хатида маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Булунғур туманидаги Халқ қабулхонаси мудири билан жойларда “Сайёр қабул” ўтказилиб, аҳоли томонидан билдирилган ички йўлларни таъмирлаш, автобус қатновини йўлга қўйиш, суюлтирилган газ баллонлари таъминотини яхшилаш бўйича тегишли масъул ташкилотларга хат билан мурожаат қилинган. Бу каби ишларнинг амалий натижаси бўйича қўшимча маълум қилиниши билдирилган.
Кўриниб турибдики, депутатлар сўровлари халқ мушкулини енгиллатиш, муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ. Депутатларимизнинг фаоллиги эса бу каби масалалар ижобий ҳал этилишида муҳим омилдир.
Мамашариф НЕМАТОВ,
ЎзХДП туман Кенгаши референти.