Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши аппарати ходимлари депутатлар билан ҳамкорликда тумандаги муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш мақсадида баҳоли қудрат фаолият олиб боришмоқда. Айниқса, Ўз ХДП электорати, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ишсиз ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда ҳали кўплаб ишлашимизга тўғри келади. Бу борада биз депутатларимиз кучига таяниб иш кўрамиз .Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун мутассадди идоралар раҳбарларига депутат сўрови билан мурожаат қилмоқдамиз.
Жорий йил давомида халқ депутатлари туман Кенгашидаги 7 нафар депутатимиз томонидан 40 та ёки биргина июль ойида 11 та депутат сўровлари жўнатилди. Уларнинг аксариятига вақтида жавоблар олиниб, муаммолар ечим топмоқда. Бу сўровномаларнинг айримларининг мазмун-мақсади ва унга берилган жавоблар ҳақида учрашувларда, маҳаллий матбуотда кенг жамоатчилик хабардор қилиниб борилмокда .
"Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"гиЎзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ масъул шахслар депутат сўровини олган кундан эътиборан 10 кун ичида жавоб қайтаришлари шарт. Бироқ, айрим раҳбарлар жавоб қайтаришни ўзларига эп кўришмайди. Бундай раҳбарларга нисбатан Президентимиз “депутатгабеписандлик - халққа нисбатан беписандлик” дея баҳо берди. Юртбошимизнинг таклифи билан Маъмурий Кодекснинг 193-моддасига ўзгартириш киритилди. Энди депутат сўровига вақтида жавоб бермаган мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача жарима жазоси қўлланиладиган бўлди.
Депутатларимиздан Р.Улуғбеков, С.Бозоров, У.Салимовларнинг туман ҳокими ўринбосари Ш.Синдоровга берган сўровномалари, А.Азимовнинг ички ишлар туман бўлим бошлиғига, С.Алибоевнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари А.Маллаевга ва Ш.Пардаеванинг “Агросаноат” АТБ туман филиали, ДАТ “Халк банки” туман филиали ва ЎзТИФ Миллий банки туман филиали бошлиқларига берган сўровномаларига муддати ўтиб кетса ҳам тегишли жавоб олинмади.
Депутат У.Салимовнинг туман бош архитектори К.Ҳатамовга Оқтепа кўчасининг қурилиш моллари савдо дўконидан Педагогика ва спорт коллежигача бўлган 250-300 метр масофага пиёдалар йўлакчаси қуриш тўғрисидаги сўровномасига К.Хатамов шундай жавоб берган: "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ" бош лойиҳа қидирув институти томонидан 2005 йилда Булунғур шаҳар Бош режаси тасдиқланган бўлиб, ушбу Бош режага асосан Оқтепа кўчасининг кенглиги Г-40 метрни ташкил этади. Пиёдалар йўлагини қуриш Давлат дастурига киритилгандан сўнг амалга оширилади”.
Қаранг-га, Бош лойиҳа тасдиқланганлигига 13 йил бўлибдики, ҳануз Дастурга киритилмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Ҳар йили ушбу оралиқдаги масофада бир нечта йўл-транспорт ҳодисаси юз бераётганлигини ҳамма билади-ку. Бу йўлакчани ҳашар кучи билан ҳам қуриш мумкин. Унга фақат мутассадиларнинг ташаббуси керак, холос.
Мамашариф Нематов,
ЎзХДП туман кенгаши референти.