Сўнгги икки йил давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бажарилаётган ишлар ўз кўлами ва қиммати бўйича юртимиз тарихида беқиёсдир. Бундан кўзланган асосий мақсад эса халқ турмуш фаровонлигини янада ошириш, юртимиз қиёфасини замонавий ва кўркам кўринишга келтиришдир. Бу эзгу ишларнинг ижросини таъминлашда халқ ишонч билдириб сайлаган депутатлар ҳам фаол иштирок этишлари лозим.
Туманимиз қишлоқларини бир-бири билан боғловчи ички йўллар қанча равон бўлса, аҳоли қўшни қишлоқдаги яқинларини йўқлашда қийналмайди. Айниқса, шахсий енгил автомашиналар кундан кунга кўпаяётган ҳозирги кунда улар қатнайдиган йўллар текис бўлиши ҳаёт талаби. Шу боисдан ўз сайлов округим ҳудудидаги Ғўбдин ва Лалмикор маҳаллаларига қарашли қишлоқларни боғловчи йўлларини асфальт тўшаб, равон ҳолга келтиришда амалий ёрдам кўрсатишини сўраб туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Холиқул Норбеков номига шу йил май ойида депутат сўрови жўнатган эдим. Афсуски, депутат сўровига зарур жавоб олинмади. Унинг номига жўнатилган такрорий депутат сўровига ҳам жавоб олинган эмас. Ҳолбуки, тегишли қонунларимизга асосан депутат сўровига, у қайси ташкилотга жўнатилганидан қатъий назар, олинган кундан сўнг 10 кун ўтиб албатта, ёзма равишда жавоб хати берилиши лозим. Жавоб хатида эса кўтарилган масалага аниқ муносабат тарзида кун тартибига қўйилган муаммонинг ечими юзасидан фикр билдирилиши, уни ҳал қилиш учун нималар қилиниши лозимлиги ёки масалага ечим топиш учун қанча вақт талаб қилиниши, бунинг учун қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик зарурлиги кўрсатилиши лозим.
Сайлов округим ҳудудидаги қишлоқлар аҳолиси, шу жумладан коллежлар ўқувчилари туман марказига келиб-кетишда асосан “Дамас” русумли таксилар хизматидан фойдаланишга мажбур. Таксилар ҳар бир йўловчидан 2500 сўмдан йўлкира ҳақи олади, бу аҳолига, айниқса Булунғур шаҳридаги коллежларда таҳсил олишаётган ўқувчиларга қимматлик қилаяпти. Агар ҳудудимиздаги қишлоқлар аҳолиси автобус хизматидан фойдаланишса йўлкира арзонлашган, йўловчилар эса мамнун бўлишган бўлур эди. Афсуски, бу муаммога ҳанузгача ечим топилмаяпти.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳам долзарб масала. Ҳудудимиздаги қишлоқлар туман марказидан анча олисда. Аҳоли эса шошилинч тиббий ёрдам олиш учун туман Тиббиёт бирлашмасининг “Тез ёрдам бўлими”га мурожаат қилишга мажбур. Қишлоқларимиздан чақириқ олган “Тез ёрдам бўлими” шифокорлари у ерга етиб боргунича анча вақт талаб қилинади. Агар ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти “Тез ёрдам” автомашинаси билан таъминланганида эди, беморлар қисқа вақт ичида унинг хизматидан фойдалана олган бўлар эди. Бу масалага ечим топилмаётганлиги эса кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар халқ манфаатини кўзлаётган экан, биз депутатлар ҳам, шунингдек депутатлардан сўровнома олган барча ташкилотлар раҳбарлари ҳам давр талабига мос иш юритишлари шарт. Ана шундагина халқни қийнаётган муаммолар бартараф этилади
Раҳматулла УЛУҒБЕКОВ,
4-Эшмонтўп сайлов округидан ЎзХДПдан сайланган
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.