Гулзор МФЙ ҳудудидаги Олимпия стадионида замон талаблари асосида қурилган Болалар ва ўсмирларспорт мактабининг янги залида спортнинг бокс тури бўйича дастлабки очиқ туман биринчилиги бўлиб ўтди.
Мусобақада Жомбой, Тайлоқ, Пайариқ, Пастдарғом туманлари ва ринг эгалари бўлган булунғурликёш боксчилар ўзаро беллашдилар. Юзлаб бокс ишқибозлари олқиши остида бўлиб ўтган мусобақада 25 килограммдан 70 килограммгача бўлган вазндаги 200 нафардан ортиқроқ ёш боксчиларнинг ўзаро беллашуви томошабинларда катта таассуротлар қолдирди.
Мусобақа давомида таниқли мураббий, халқаро тоифадаги ҳакам, спорт устаси Санжар Қўлдошевнинг шогирдлари барча рақибларини доғда қолдириб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллашиб, бош совринини қўлга киритдилар. Тайлоқлик ёш боксчилар иккинчи ва Жомбойлик чарм қўлқоп усталари учинчи ўрин соҳиби бўлишди.
Туманимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш боксчиларимиздан Бекзод Абдураимов, Беҳрўз Ҳасанов, Шероз Сувоновларнинг маҳорати бокс ишқибозларининг олқишига сазавор бўлди.
Мусобақа ғолиблари ва энг яхши иштирокчиларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.
Раббим ҲОТАМОВ.