Спиртли ичимликларни узоқ вақтгача мунтазам ичиб юриш кишини алкоголизм касаллигига дучор қилади. Текширишлар шуни кўрсатдики, ҳатто юз грамм спиртли ичимлик соғлом кишининг бош мия фаолиятини бирдан ўзгартириб юборар экан. Маълумотларга қараганда, психоневрологик диспансерларга мурожаат қилувчи руҳий касалликларга дучор бўлганларнинг энг кўпи алкоголизмга мубтало бўлган кишилардир. Ичкиликка ўрганган ўсмир вужуди секин-асталик билан заҳарлана бошлайди. Кейинчалик эса бундай киши ичмасдан тура олмайдиган бўлиб қолади, оғир маст бўлгунча ичаверади. Бундай ўспиринда дастлаб асаб ишдан чиқади. У таъсирчан, жаҳлдор бўлиб қолади, натижада унинг оила аъзолари азоб-уқубатда қолади.
Алкоголизм натижасида миянинг иш қобилияти аста-секин пасаяди, фикрлаш, бирор муҳим масалани ечиш қийинлашади. Кейинчалик сержаҳллик, уйқунинг бузилиши, масъулиятсизлик, бошқаларга ва ҳатто ўзига ишонмаслик, толиқиш, умумий ҳолсизлик аломатлари сезилади. Касалликнинг олди олинмаса, асаб тизими бутунлай бузилиши аниқ, руҳий ҳолати ҳам ўзгаради. Улуғ мутафаккир Афлотун ўз даврида «Мастлик - ихтиёрий жинниликдир», деган эди.
Ичкиликбозлик натижасида оғир асоратлар келиб чиқади, жумладан:
Ошқозон ичак хасталиклари, бош мия, руҳий ҳолатининг бузилиш асоратлари, жигар хасталиклари, юрак-қон томир тизими касалликлари, жумладан, инфаркт, қон босими ошиши кузатилади. Келажакда улардан туғилажак фарзандлар ирсий касалликлар билан туғилиш эҳтимоли юқори (болалар майиб-мажруҳ бўлиб, туғма нуқсонлар билан дунёга келади).
Ичувчиларда умр кўриш давомийлиги ичмайдиганларга нисбатан камида 10 йилга қисқаради, жиноятлар сони эса кўпаяди.
Ғулом РАВШАНОВ,
вилоят наркология диспансери шифокори.
Абдураззоқ ХОЛБОЗОРОВ,
туман нарколог шифокори.