Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов билан “Халқ қабулхонаси” раҳбари Темур Соиповларнинг “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва фуқаролари билан сайёр учрашуви бўлиб ўтди. Шунингдек, учрашувда тумандаги бир қанча масъул идоралар раҳбарлари ҳамда мутахассислари ҳам иштирок этишди.
Дастлаб Б. Баҳромов йиғилганларга Президентимиз Фармонлари ва ҳукумат қарорларининг туманимиздаги ижроси қай даражада эканлиги, жорий йилда туманимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳамда “Обод қишлоқ” Дастури асосида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги ҳусусида сўз юритди.
Ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилган учрашувда маҳалла оқсоқоли Абдуфаттоҳ Шерматов маҳалла ҳудудидаги ички йўллар ва қабристонга бориладиган йўл маҳалла аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан, ҳашар орқали амалга оширилганлигини эътироф этди ва ҳудуддаги электр симлари ва симёғочларининг аксарияти яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли алмаштирилишини сўради. Шунингдек, маҳалла фаоллари Ваҳоб Шомуродов, Келдибой Юнусов, Рўзибой Абдуллаев, Турғун Холжигитов ва Тошбуви Мамироваларнинг хонадонларни газ баллонлари билан таъминлаш, аҳолига газ сотиш нархини назоратга олиш, ичимлик суви муаммоси, йўлларни таъмирлаш ва мактаб, боғчалар атрофларидан ўтувчи автотранспорт йўлларида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зебра чизиқлар ва йўл белгилари қўйилиши ҳақидаги таклифлари ҳамда бошқа барча саволларга туман ҳокими Баҳодир Баҳромов ва соҳа мутахассислари атрофлича жавоб беришди.
Ўз мухбиримиз.