Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида поёнига етаётган йилда эришилган ютуқлар билан бирга, келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган олтита устувор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Айниқса, биринчи навбатда таълимни ривожлантириш кераклиги айтилди ва 2023 йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб ном берилди. Янгидан 70 та мактаб қуриш, 460 та мактабни кенгайтириш, 100 та хусусий лойиҳани ишга тушириш, уларнинг сонини мингтага етказиш белгиланди.
Шунингдек, аҳолига бирламчи тиббий хизматлар сифатини ошириш, келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб бериш, экс-пресс лабораториялар билан тўлиқ таъминлаш, янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллаларда ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилиши таъкидланди.
Хусусан, тўртинчи йўналиш сифатида белгиланган ва бугунги кунда глобал муаммога айланган экология, сув масалалари бўйича вазифалар долзарб аҳамиятга эга. Шу боис, табиатни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш, аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий ишлар кучайтирилиши айтилди.
Янги йилда сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилади ва келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади. 16 та йирик насос станцияси давлат-хусусий шерикчилик асосида модернизация қилиниб, муқобил энергияга ўтказилади.
Президентимиз томонидан янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармоннинг имзоланганлиги юртимизда давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг тизимли механизмларини йўлга қўйиш йўлидаги мутлақо янги босқич бўлади. Бунда вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон сифатида белгиланади.
Парламентнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш Конституциямизда ўз аксини топади. Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини тинглар эканман, жамиятда бўлаётган ҳар бир ўзгаришларни аҳолига етказишда халқ вакиллари бўлган депутатларга масъулият юкланаётгани, бу борада депутатлик назоратини жиддий олиб бориш зарурлигини англадим.
Мулоҳазаларимни Президентимизнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман: ".... Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан орқага қайтмаймиз, кўзлаган мақсадларимизга албатта, эришамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга суянамиз. Бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этамиз".
Шухрат АБДУХАЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.