Туманимиздаги 55-умумтаълим мактабида янги йилга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрамона безатилган янги йил арчаси атрофидаги ўқувчиларнинг қизғин олқишлари остида биринчи бўлиб эртаклардаги қаҳрамон – “Ялмоғиз кампир” ўрмондан “учар супурги”си билан шошилиб кириб келди. Шум кампир совға тўла қопни елкасига олиб кетаман деб турганида “Ассалому алайкум, болажонларим!”, деб ҳаммани соғинтирган Қорбобо ва Қорқиз кириб келди. Буларни кўрган шум кампир совға тўла халтани ташлаб ўрмонга қочиб кетди...

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан машҳур шоирларнинг шеърлари ва қўшиқлари ижро этилди. Эртак қаҳрамонлари мавзусида саҳна кўринишларини намойиш этилди. Ўқувчиларда, устоз-ўқитувчиларда, ота-оналарда ва меҳмонларда катта таассуротлар қолдирган бу тадбир давомида энг яхши ўқитувчи-устозларга, аълочи ва жамоатчи ўқувчиларга мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари қизғин олқишлар остида топширилди.

Шунингдек, спортнинг эркин кураш, юнон-рум кураши ва баскетбол турлари бўйича вилоят биринчилиги мусобақаларида биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилардан Азиз Бобоқулов, Шоҳсанам Маматқулова, Асал Собиржоноваларга диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Наргиза АБДУРАҲМОНОВА,
55-умумтаълим мактабининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.